Жамият | 00:26 / 22.01.2018
344335
4 дақиқада ўқилади

11 ойлик чақалоқнинг танасидан 16 дона игна топилди

Мурғак қалб эгаси ҳар доим атрофидаги шахс ва буюмларга қизиқиш билан эътибор қаратади. Афсуски, чақалоқ баъзан нималарни оғзига солиши-ю, бу моддалар соғлиғига қандай хавфни пайдо қилиши ҳақда ўй-тасаввурга эга эмас. Ана шундай воқеа Фарғона вилоятида истиқомат қилаётган ёш оиланинг яккаю, ёлғиз фарзанди билан юз берди.

Маълум қилинишича, чақалоқнинг онаси боланинг безовталиги, инжиқ бўлиб қолганидан хавотирга тушиб, шифокорларга мурожаат қилган. Дастлабки тиббий кўрик пайтида, унинг томоғи шишган, иситмаси борлиги туфайли, бола шамоллаб қолгани айтилганди. Аммо, 11 ойлик чақалоқнинг пешоби ҳам бузилган: унинг кам ҳожат чиқариши онани ўйлантириб қўйди.

Фото: Kun.uz

Рентген суратларида аён бўлдики, чақалоқнинг танасида 16 дона (!) игна бор ва улар энг камида икки ойдан буён болани қийнаб келади. Шундай қилиб, бола ва унинг онаси зудлик билан Тошкентга юборилди. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига келтирилган бола тезкорлик билан жарроҳлик столига ётқизилди.

Марказдаги Болалар жарроҳлик бўлими мудири, профессор Акиловнинг таъкидлашича, барча игналар танада турлича жойлашган: уларни чақалоқнинг йўғон ичак қисмида, сийдик қопи, кўкрак қафасида, боланинг бўйин қисмида, умуртқа поғонасида, юрак остида аниқлашган.

Фото: Акилов Хабибулла/Kun.uz

«​11 ойлик чақалоқ 9 соат давомида жарроҳлик амалиётини бошдан кечирди. Жарроҳлар жамоаси гуруҳларга бўлиниб, даставвал 9 та игнани қорин бўшлиғи ва бўйин қисмидан олиб ташлаган. Шундан сўнг, кардиоторакал жарроҳлар жамоаси иш бошлаган, бундан ташқари қон-томир жарроҳлари ва сўнгги босқичда кардио жарроҳ амалиётни давом эттирди»​, дейди шифокор Акилов.

Айни пайтда боланинг ҳаётига хавф етказмайдиган даражада танада жойлашган учта игна ҳалигача организмда қолмоқда. Аммо, кўпчиликни ўйлантирган савол билан чақалоқнинг онасига юзландик: игналар боланинг танасида қандай пайдо бўлди?

«Турмуш ўртоғим Россияда ишлайди, ўзим эса ота уйимда вақтинча яшаб турибман. Уйда болани ўзим парвариш қиламан, ҳеч қачон бегона қўлга бермаймиз. Игналар қандай қилиб, унинг ичига тушиб қолганидан хабарим йўқ», деб йиғлайди она.

Фото: Kun.uz

Шифокорларнинг фикрича, 8 ойлик чақалоқ (боланинг танасида игна пайдо бўлганидан бошлаб) ҳеч қачон бунча кўп металлни ютиб юбориши мумкин эмас, қолаверса, қизилўнгач ва ошқозонда ҳеч қандай йиртиқ аломати топилмаган. Биргина фаразни илгари суриш мумкин, игналар тана ташқарисидан, онгли равишда терига тиқилган.

«Орқа умуртқа суягига тегиб турибди, қаранг, буни қандай изоҳлаш мумкин? Бола майда конструктор, батарейкани ютиб юборишини кўп кузатдим, аммо игналар тилиб ташлайди. Ваҳоланки, у фақат саккиз ойлик болакайку», дейди профессор.

Фото: Kun.uz

Бемор чақалоқ айни пайтда илмий марказдаги болалар реанимация бўлимида сақланмоқда. Мутахассислар чақалоқ ўта оғир аҳволда эканини билдирди. Ҳолат бўйича Ички ишлар ходимлари томонидан дастлабки суриштирув ишлари бошланган. Kun.uz мухбири ушбу воқеага яна қайтади.

Youtube'да кўриш

Mover.uz'да кўриш