Ўзбекистон | 07:53 / 04.09.2025
1445
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Германия бариатрик жарроҳликда халқаро стандартларни жорий этади

Германиянинг Дюсселдорф шаҳрида жойлашган Alexianer St.Martinus-Krankenhaus клиникаси сайтида мазкур муассаса Ўзбекистон томони билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйгани ҳақида мақола эълон қилинди.

Фото: ksm-clinic.com.ua

"Германиянинг Alexianer St. Martinus-Krankenhaus шифохонаси ва Ўзбекистон Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази ўртасида бариатрик жарроҳлик йўналишини ривожлантиришга қаратилган янги халқаро ҳамкорлик йўлга қўйилди", – дейилган нашрда.

Дюсселдорфдаги семириш касалликларини даволаш маркази мутахассислари Ўзбекистоннинг етакчи тиббиёт муассасаси билан биргаликда семириш ва метаболик касалликлар жарроҳлиги соҳасида тиббий хизматлар сифатини ошириш, таълим, илмий тадқиқотлар ва клиник амалиётларни мустаҳкамлаш бўйича ҳамкорлик қилади.

Мазкур келишув доирасида қўшма тадбирлар – қайта тайёрлаш ва малака ошириш дастурлари, стажировкалар, билим ва тажриба алмашиш, семинарлар, маҳорат дарслари, соҳадаги етакчи мутахассислар иштирокида халқаро конференциялар ташкил этилиши, шунингдек, экспертлар хулосалари асосида тиббиётни ривожлантириш бўйича ташаббусларни амалга ошириш режалаштирилган.

Мақола якунида, "Ҳар икки мамлакат тиббий муассасаси халқаро ҳамкорлик доирасида бариатрик жарроҳлик соҳасида юқори профессионал стандартларни жорий этиш ва уни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшади", – деб ёзилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид