Жамият | 18:05
839
2 дақиқада ўқилади

Жарроҳлар мураккаб операция орқали 5 ёшли боланинг ҳаётини сақлаб қолди

Тасодифан каустик сода ишқорини еб юбориб, мутлақо овқатлана олмайдиган ҳолатга тушган боланинг ошқозони қайта жойлаштирилди, йўғон ичакдан янги қизилўнгач шакллантирилди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Шифокорлар томонидан ноёб ва ўта мураккаб операция амалга оширилиб, оғир аҳволдаги 5 ёшли боланинг ҳаёти сақлаб қолинди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, у тасодифан каустик сода ишқорини еб юборган, оқибатда қизилўнгачнинг чандиқли торайиши юзага келиб, вақт ўтиши билан мутлақо овқатлана олмайдиган ҳолатга тушган. Ота-она фарзандини хорижда даволатишга қарор қилган. Аммо хориждаги амалиёт вақтида қизилўнгач ошқозон ҳисобидан қайта шакллантирилиб, ошқозон юқорига кўтарилган ҳолда қизилўнгач қолдиғига уланган. Бу эса янги трансплантантнинг юракка босим ўтказишига ва уни сиқиб қўйишига олиб келган.

Шундан сўнг, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази жарроҳлари мураккаб операцияни амалга ошириб, ошқозонни қайта жойлаштириб, йўғон ичакдан янги қизилўнгач шакллантирилган.

«Тиббиёт фанлари доктори, профессор Ҳабибулла Оқилов бошчилигидаги мутахассислар томонидан ўтказилган операция қарийб 5 соат давом этди. Юртимизда илк бор бажарилган ушбу ўта мураккаб амалиётда ошқозон қайта жойлаштирилиб, йўғон ичакдан янги қизилўнгач шакллантирилди. Ҳозир боланинг аҳволи яхши. Шу кунларда оиласи бағрига қайтади», дейилади хабарда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид