Бир жумла борки, у барча муҳокамага нуқта қўяди, забон ҳам ҳақли сўзларни айтишдан тўхтайди. Бу жумланинг қудрати жамиятимизда шу қадар улуғки, ўз мулкинг ё жонинг ҳимояси учун икки оғиз ҳақиқатдан иқтибос келтириш ҳам «жиноят»га айланиб кетиши ҳеч гап эмас. Бу жумла - «сен президент сиёсатига қаршимисан?!» оҳанги билан жаранглайди.
Ҳаётнинг не қисмати ва синовини бошдан кечирган ўзбек миллати Совет Иттифоқи парчалангач, барча соҳада эркинликни қўлга киритишга катта умид боғлади. Савдо-иқтисодий ривожланиш, кетма-кет қад ростлаган завод ва корхоналар халқнинг бир неча йиллик азалий орзусини рўёбга чиқаришидан далолат берарди. МУСТАҚИЛЛИК...
Аммо, ҳар соҳада бўлгани каби диний йўналишда ҳам соҳанинг айрим ўзига хос хусусиятлари билан ҳисоблашмай, маъмурий буйруқбозликка берилиб кетдик. Оқибатда, жамиятда бироз бўлса-да, исломофобия жараёнини тезлаштириб юборувчи ҳодисалар юз берди. Буларнинг барчаси ўтмишда қолди, «сеҳрли жумла» билан муҳокамага ўрин қолдирмаганларга қарата айнан Ўзбекистон Республикаси Президенти бугун айтмоқда: «соф Ислом ақидаларини тарғиб этишимиз, фарзандларимизга Бухорий ҳадисларини ўргатишимиз лозим».
Ҳукуматдаги сиёсий ирода устунлик қилиб, ислоҳотлар шамоли диний соҳага ҳам кириб келди: республика бўйлаб Қуръон Карим китобини ўқиш мусобақаси, янги диний таълим муассасалари ва илмий марказлари иш фаолиятини бошлади, аҳолига диний таълим беришни назарда тутган ўқув курслари ташкил этилди. Ўзбекистондаги энг муҳташам масжидда катта танаффусдан сўнг, азон овоз кучайтиргичлар билан айтилмоқда. Бу барча мўмин-мусулмонлар орзу қилган давр яқин эканлигидан бир дарак.
Аммо, «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонуннинг 14-моддасида диний урф-одатлар ва маросимлар ҳақида сўз боради ва бу банд барча ўзгаришларни чипакка чиқаришга хизмат қилмоқда. Унда айтилишича, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг (диний ташкилотларнинг хизматидагилар бундан мустасно) жамоат жойларида ибодат либосларида юришларига йўл қўйилмайди.
Табиий савол пайдо бўлади: аслида ибодат либоси нима? Кишининг жамоат жойида қандай кийимда юргани қайси мезон асосида аниқланади? Кимдир бу саволга жавоб берганми ўзи?
















