Ўзбекистон | 11:44 / 04.09.2021
71609
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда қизлар мактабда миллий рўмол ва дўппида бўлишига рухсат берилди

Қизлар рўмол ва дўппида мактабга келиши мумкин. Бу ҳақда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов айни дамда ўтказилаётган очиқ мулоқот вақтида маълум қилди.

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов бошчилигида 2021-2022 ўқув йили ташкил этилишига бағишланган очиқ мулоқот бўлиб ўтмоқда. Унда айтилишича, янги ўқув йилида мактаб ўқувчиларига миллий рўмол ва дўппида бўлишга рухсат берилди.

“Ҳар доим янги ўқув йили олдидан муҳокамаларга, гап-сўзларга сабаб бўлади бу масала. Давлат раҳбари Ўқитувчи-мураббийлар кунига бағишланган йиғилишда “Битта ўғил болани ўқитсангиз бир инсонга таълим берган бўласиз, битта қиз болани ўқитсангиз, бутун оилани ўқитган бўласиз” дея ўзлигимизни англаш, миллий урф-одатлар юзасидан ташаббус кўрсатди. Шу муносабат билан янги ўқув йилида янгилик қилмоқчимиз. Кўпчилик ота-оналарнинг мурожаатларини инобатга олиб, миллий қадриятларимизни инобатга олган ҳолда, қизларимиз учун истисно тариқасида мактабда оқ ва очиқ рангларда миллий рўмол (бошнинг орқа томонига ўралган ҳолатда) ва дўппида бўлишларига рухсат этилади”, дея маълум қилди вазир.

Вазирнинг сўзларига кўра, бундан кўзланган мақсад – қизларни ўқитишга эътиборни кучайтириш ҳисобланади.

“Бу истисно бошқача талқин қилиниб, бошқа тус олмасин. Бунинг тагида мақсад бор. Қизларимизни ўқитишимиз керак. Олий таълим муассасаларига кириш бўйича қизлар орасида паст кўрсаткич кузатилаётган ҳудудларда бу муаммони ҳал қилишга эътибор қаратиш керак”

Мавзуга оид