Қишки трансфер даричаси Алексис Санчеснинг «Манчестер Юнайтед»га ўтиши ҳақидаги хабарлардан ташкил топган қанақадир мусиқа садолари остида ўтяпти, деб бемалол айтиш мумкин. Венгер айтишича ушбу трансфернинг ҳал бўлиши учун қолган 48 соатнинг ярми ҳам ўтди, биз эса кутишда давом этяпмиз. Бу жараён бизни зериктириб қўймаслиги учун келинг, чилилик футбол юлдузининг фаолиятига яқиндан назар ташлаймиз. Бизга бу борада UEFA.com ёрдам беради. Сайтда Алексис Санчес билан боғлиқ қизиқарли маълумотлар тақдим этилди.
Шараф сари йўл
Niño Maravilla – «мўъжиза болакай» лақабли футболчи «Удинезе» 2006 йилдаёқ кўз остига олиб қўйганди, қаҳрамонимиз у пайтларда «Чили»нинг «Кобрелоа» клубида тўп сурарди. 17 ёшли Санчес билан шартнома имзолаган Италия клуби уни Жанубий Америкада қолдирди ва аввалига «Коло-Коло»га, кейин эса, Аргентинанинг «Ривер Плейт» клубига ижарага берди.

2008 йилнинг ёзида Алексис Европага келади ва дастлабки икки йилни жуда яхши ўтказди. Кейин эса, унинг Антонио Ди Натале билан ҳужумдаги жуфтлиги бутун Европанинг оғзига тушди. 2010/11 мавсумда «Удинезе» айнан шу тандемнинг сермаҳсул ўйинлари эвазига А Серияда 4-ўринни олади ва Чемпионлар Лигаси саралаш босқичига йўлланма олади.
Ўша мавсумда Санчес 12 гол муалифи бўлди. Унинг «Палермо» дарвозасига сафар ўйинида амалга оширган покери эса, Италия чемпионати тарихига меҳмон жамоа ҳужумчисининг илк покери сифатида тарихга қайд этилди.
2011 йилнинг июлида у 26 миллион евро эвазига «Барселона» футболчисига айланди. Испаниядаги ўзининг дебют мавсумида суперкубок, Испания кубоги ва чемпионлиги, шунингдек, клублар ўртасидаги жаҳон чемпионлигини ютишга муваффақ бўлди. «Алексис менинг қалбимни забт этди ва унинг Барселонага келишидан бахтиёр бўлдим. У жуда камтар, шу билан бирга «Барселона»ни сезиларли кучайтирди» – деганди ўшанда Пеп Гвардиола.
2012/13 мавсумида Санчес «Барселона» билан яна Испания чемпиони бўлди ва жамоага ўз тарихида биринчи марта 100 очколик довонни забт этишда ёрдам берди. «Бу ерда ўзиники бўлиб қолиш осон эмас. Аммо Алексис буни уддалади» – деб баҳо берди клубда Гвардиоладан кейин бош мураббий бўлган Тито Виланова.
Санчеснинг Барселонадаги энг сермаҳсул мавсуми 2013/14 га тўғри келади. Херардо Мартино қўл остида чилилик ҳужумчи Ла-Лигада 19, барча мусобақаларда 21та гол уришга муваффақ бўлган. Аммо ўша мавсум жамоа учун у қадар омадли чиқмади. Испания кубоги финалида клуб «Реал»дан ютқазди, Испания чемпионатидаги сўнгги турда эса, айнан Санчеснинг голи «Барселона»га чемпионликни совға қилиши мумкин эди. Аммо «Атлетико» ўша ўйинда ҳисобни тенглаштиришга эришиб, чемпионликни илиб кетганди. Мадридликлар бош мураббийи Диего Симеоне билан Санчес «Ривер Плейт»да бирга ишлаганини таъкидлаш лозим.

















