Жаҳон | 00:53 / 24.01.2018
13054
3 дақиқада ўқилади

АҚШда «Оскар» киномукофотига номинантлар эълон қилинди

Фото: AFP

АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида «Оскар» киномукофотига номзодлар эълон қилинди, деб ёзади ТАСС.

2018 йилда «Энг яхши фильм» тоифасига тўққизта фильм номзоди илгари сурилган: Булар — Лука Гуаданьинонинг «Мени ўз номинг билан чақир» (Call Me by Your Name), Жо Райтнинг «Қоронғу палла» (Darkest Hour), Кристофер Ноланнинг «Дюнкерк» (Dunkirk), Жордан Пилнинг «Йўқол» (Get Out), Грета Гервигнинг «Бёрд хоним» (Lady Bird), Пол Томас Андерсоннинг «Хаёлий ип» (Phantom Thread), Стивен Спилбергнинг «Махфий ҳужжат» (The Post), режиссёр Гильермо дель Торонинг «Сув шакли» (The Shape of Water), шунингдек, Мартин Макдонанинг «Эббинг чегарасидаги уч биллборд, Миссури» (Three Billboards Outside Ebbing, Missouri) фильмларидир.

«Хорижий тилдаги энг яхши фильм» тоифасига бешта фильм илгари сурилган. Булар — россиялик Андрей Звягинцевнинг «Меҳрсизлик», Себастьян Лелионинг «Фантастик аёл» (Una mujer fantastica), Зиёд Дуайрийнинг «Ҳақорат» (The Insult), Ильдико Эньедининг «Тан ва руҳ ҳақида» ва Рубена Эстлунднинг «Майдон» (The Square) филмларидир.

Энг яхши режиссёр Гильермо дель Торо, Кристофер Нолан, Жордан Пил, Грета Гервиг ва Пол Томас Андерсон орасидан танлаб олинади.

Энг яхши актёрликка номзодлар орасида Гари Олдман ва Дензел Вашингтон бор. Олдман «Қоронғи палла» фильми учун номзод бўлса, Вашингтон «Роман Израэл, Esq.» (Roman J. Israel, Esq.) фильмидаги бош роли билан курашади. Улардан ташқари бу номинацияда «Хаёлий ип»даги роли учун Дэниэл Дэй-Льюис ва Тимоти Шаламе («Мени ўз номинг билан чақир»), Дэниэл Калуя («Йўқол») бор.

«Энг яхши актриса» номинациясида ҳам беш актриса кураш олиб боради. Америка кино санъати академиясининг хабарига кўра, бу рўйхатга Салли Ҳокинс («Сув шакли»), Фрэнсис Макдорманд («Эббинг чегарасидаги уч биллборд, Миссури»), Мэрил Стрип («махфий ҳужжат»), Сирша Ронан («Бёрд хоним»), шунингдек Марго Робби («Тоня барчага қарши») каби актрисалар киритилган.

Мавзуга оид