Жамият | 18:50 / 25.01.2018
15188
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда сохта дорифурушлар қўлга олинди

Фото: Халқ сўзи

Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари Миллий хавфсизлик хизмати ҳамда давлат солиқ инспекцияси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирлар давомида муқаддам айланма йўллар орқали олиб кирилган, инсон асаб тизимига кучли таъсир қилувчи “Трамадол” ва “Лирика” дори воситаларининг олди-сотдиси билан шуғулланувчи шахсларнинг фаолиятига чек қўйишди. Бу ҳақда “Халқ сўзи” нашри хабар бермоқда.

Пойтахтнинг Чилонзор туманидаги автотураргоҳларнинг бирида  фуқаро Д. Аҳмедов (материалдаги барча исм-шарифлар ўзгартирилган) 300 та конвалютадаги, жами 3000 дона “Трамадол” дори воситасини 5 млн. 700 минг сўм эвазига ноқонуний равишда сотаётган вақтда қўлга олинди.

Шунингдек, Учтепа туманида олиб борилган тезкор тадбир давомида фуқаро Ж. Ниёзов 288 дона “Лирика” дори воситасини 4 млн. сўмга пулламоқчи бўлган пайтда қўлга тушди. 

Ушбу ҳолатлар бўйича ҳуқуқбузарларга нисбатан холислар иштирокида тегишли процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилиб, тадбир давомида аниқланган “Трамадол” ва “Лирика” дори воситалари ашёвий далил сифатида олиб қўйилди. 

Ҳозир текширув ишлари давом эттирилмоқда.

Мавзуга оид