Бугунги кунда фирибгарлик мулкка қарши қаратилган жиноятлар ичида энг кўп тарқалаётганидир. Буни статистик маълумотлар тасдиқлайди, деб ёзмоқда “Постда” газетаси.
“Афсунгар”
Ушбу воқеа “қаҳрамон”и томонидан кўрсатилган “афсунгарлик” ҳам кишини таажжубга солади.
Эндигина йигирма ёшга қадам қўйган фарғоналик С.Малика (исмлар ўзгартирилди) “улкан режалар”ни кўзлаган ҳолда Хоразмга ташриф буюрди. У Урганч шаҳридаги “сафари”ни Ўзбекистон кўчасида жойлашган дўкон сотувчиси Қ.Дилором билан танишувдан бошлади. Хушмуомала, ширинсўз “меҳмон” ўзаро суҳбат чоғида тилла тақинчоқларини арзон нархда сотмоқчи эканини айтиб ўтади. Буни эшитган Дилором тақинчоқларни кўрсатишни илтимос қилади. Ниҳоятда нафис, бежирим ишланган тилла буюмларни кўрган сотувчи аёлнинг қизиқиши янада ортади. У дарҳол қўшни бинода фаолият юритаётган заргардан маслаҳат сўрайди. Тилла буюмларни диққат билан кўздан кечирган заргар улар соф олтиндан ясалганини айтади.
Дилором уч турдаги тилла тақинчоқларни 6 миллион 500 минг сўмга сотиб олади. Пулни санаб олаётган Малика ўзининг афсунгарлик “маҳорати”ни ишга солиб, харидорга пулини қайта санаб беришини илтимос қилади. Тилла буюмларни стол устига қўйган харидор пулни қайта санай бошлайди. Бундан фойдаланган Малика уларни сохтасига алмаштириб қўяди...
Қалбаки тақинчоқларни танишларига кўрсатган Дилором алданганини билади ва ички ишлар органига хабар беради.
Урганч шаҳар ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор суриштирув ишлари натижасида “афсунгар” фирибгар ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
“Нафаси ўткир фолбин”
Ўтган йилнинг 9 июнь куни Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида яшовчи О.Эркиной Гурлан туманидаги Янги асл маҳалласида тиланчилик билан шуғулланиб юриб, шу маҳаллада яшовчи, 1950 йилда туғилган Ш.Абдуллаеванинг хонадони эшигини қоқади. Хонадон соҳибаси остонада турган аёлни кўриб, уни ичкарига таклиф қилади. Бундай илтифотдан боши осмонга етган “меҳмон” остона ҳатлайди-ю, қўрқувдан сесканиб тушади.
- Иби-и-и, дугонажон, - дейди у ёқасини ушлаганча, - уйингизда нималар бўляпти?
Хонадон соҳибаси “билмасам” дегандек, елка қисади.
- Уйингизда дуо бор. Агар у йўқ қилинмаса, ўғлингиз ароқхўр бўлиб кетади, келинингиз эса кўп ўтмай ўлиб қолади.
- Вой ўлмасам! – қўрқиб кетади хонадон соҳибаси. – Нима қилишим керак?











