Петербургда Россия Тергов қўмитаси терговчилари ўзбекистонлик 11 ёшли боланинг бедарак йўқолиши ҳолати бўйича жиноий иш очишди.
Ўзбекистон фуқароси ўғли йўқолгани ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ариза билан мурожаат қилган. Эркакнинг сўзларига кўра, 11 ёшли Салмон Мадумаров Витебск шоҳкўчасидаги 3-корпус 47-уйдаги квартирадан 26 январь куни сайр қилиб келиш мақсадида чиқиб кетган ва ортга қайтиб келмаган.
Петербургга оила 2017 йилнинг декабрида келган. Бола рус тилини билмайди, уйдан қочиб кетгани бўйича тахминлар деярли йўқ. Айни дамда тезкор-қидирув тадбирлари ўтказилмоқда, рўй берган воқеанинг барча тафсилотлари аниқлаштирилмоқда.
Тахминлардан бирига кўра, бола Петербург ҳудудида бўлиши, бироқ рус тилини билмаслиги сабабли ота-онаси билан боғлана олмаётган бўлиши мумкин.
















