Республиканинг қўшни давлатлар билан стратегик ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари доирасида бир қатор чегара-ўтказиш пунктларида ҳам жисмоний шахслар учун кенг шарт-шароитлар яратилмоқда, деб хабар беради Тошкент вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати.

Хусусан, Қозоғистон Республикаси билан давлат чегарасида жойлашган ўтказиш пунктларини замон талабларига мос равишда тўлиқ реконструкция қилиш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди. Буларнинг баридан кўзланган мақсад, жисмоний шахсларнинг божхона назоратидан ўтиш тизимини янада соддалаштириш ва тезлаштиришдан иборатдир. Бу борада Тошкент вилояти божхона бошқармасининг “Ғишткўприк” чегара-божхона комплексида ҳам улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.

Фото: Тошкент вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати

Аммо, бу каби яратилаётган қулайликлар ва шарт-шароитларни суиистеъмол қилишга уринаётган шахслар ҳам учраб турибди. Маълумки, Давлат божхона қўмитаси республикада қонун ҳужжатларига мувофиқ маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тартиби устидан назоратни амалга оширади. Яқинда мазкур комплекс ходимлари йирик миқдордаги ноёб тарихий ва маданий бойликларнинг республикадан олиб чиқишга бўлган уринишни бартараф этишди.

Фото: Тошкент вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати

Гап шундаки, мазкур божхона комплекси орқали қўшни давлатга йўл олган фуқаро Н.И.нинг қўл юки белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилганда, назорат-рентген аппаратида шубҳали тасвирлар акс этди.

Шундан сўнг, ушбу пакет холислар иштирокида ва белгиланган тартибда очиб кўрилганида, унда 1800-1956 йиллар оралиғида зарб қилинган 886 дона тангалар, шунингдек кўринишига кўра, улардан-да тарихий ҳисобланувчи 244 дона қадимий, 1140 дона мис ва 1 дона араб тилида зарб қилинган кумуш тангалар борлиги аниқланди.

Фото: Тошкент вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати