Жаҳон | 09:06 / 31.01.2018
8239
3 дақиқада ўқилади

Трамп Обаманинг Гуантанамо турмасини ёпиш ҳақидаги фармонини бекор қилди

Фото: Joe Raedle/Getty Images

АҚШ президенти Дональд Трамп 30 январда ўзидан аввалги президент Барак Обаманинг Кубадаги Гуантанамо махсус турмасини ёпиш ҳақидаги фармонини бекор қилди. Бу ҳақда Оқ уй хабарида маълум қилинган.

Хабарда таъкидланишича, Трампнинг фармонида “АҚШ зарурат бўлганда турмага маҳбусларни жўнатиш имконини сақлаб қолади”.

“Иш террорчиликка борганда, биз давлатимизни ҳимоя қилиш учун барча зарур ишни амалга оширамиз. Президентнинг янги ҳаракатлари террорчилик таҳдидини бартараф этиш учун зарур воситалар ва имкониятларни сақлаб қолиш учун ҳаётий муҳим аҳамиятга эгадир. Қуролли ихтилоф вақтида душманларни қўлга олиш жанговар ҳаракатларни олиб боришнинг қонуний ва зарурий воситаси ҳисобланади”, дейилган хабарда. Оқ уй хабарида таъкидланишича, Гуантанамо турмасидан озод қилинган юздан кўпроқ одам яна жангларда иштирок этган, баъзилари эса АҚШ бошчилигидаги коалиция аъзолари ва америкаликларни ўлдирган. 

Гуантанамо турмасига 2002 йилда АҚШнинг ўша вақтдаги президенти Кичик Жорж Буш бошчилигидаги маъмурият томондан асос солинган. Бу турмада террорчиликда гумон қилинувчилар сақланади. Обама президент ваколатларини бажаришга киришиши биланоқ турманинг бир йил ичида ёпилиши ҳақидаги фармонни имзолаган, бироқ конгресс қаршилигига учраган.

Гуантанамо турмаси мавжудлиги ҳуқуқ ҳимоячилари томондан танқид қилинади. Обама президентлиги вақтида бу турмадан деярли 200 маҳбусни озод қилишга кўрсатма берган. Ҳозир турмада 40 га яқин маҳбус қолмоқда. Трамп сайловолди кампанияси вақтида турмани ёпмаслигини айтганди. У, шунингдек, турмадан маҳбусларни озод қилиб бўлмаслигини, чунки улар яна террорчилик фаолиятига қайтишлари мумкинлигини айтган. 

Трамп, шунингдек, конгрессдаги “Мамлакат мавқеи ҳақидаги” нутқида АҚШда 2018 йилдан турмалар ислоҳ қилинишини айтди.  

“Жорий йилда ўз вақтида жазо муддатини ўтаган собиқ маҳбусларга иккинчи имкониятни бериш учун ёрдам мақсадида турмаларимизни ислоҳ қилишни бошлаймиз”, деб айтган Трамп.

Мавзуга оид