Ўзбекистонда «Ақлли тиббиёт» тизими жорий этилмоқда
Ўзбекистонда Ягона тиббиёт ахборот маркази ва «Ақлли тиббиёт» тизими жорий этилмоқда. Ишга мамлакат дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқувчилари ва инновацион технологиялар мутахассислари жалб этилган, деб ёзмоқда Norma.uz.
Ягона марказ ва «Ақлли тиббиёт» тизимининг жорий этилиши аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш учун қўшимча имкониятларни яратади. Улар йўлга қўйилиши билан касалликларни барвақт аниқлаш даражаси ошади ва касалликларнинг масофали профилактикаси жорий этилади.
Ягона тиббиёт ахборот маркази – бу беморларнинг амбулатория карталари ва касалликлар тарихи электрон маълумотлар базасидир. Барча тиббиёт муассасалари шифокорлари учун ахборотдан фойдаланиш имконияти мавжуд. Бу даво чораларини тайинлаш учун бемор ҳақидаги тиббий маълумотларни дарҳол олиш имконини беради. Бугунги кунда шифокорлар беморнинг сўзларига таянишмоқда.
«Ақлли тиббиёт» тизими шифокорга смарт-девайслар ҳамда ахборот тизимлари ёрдамида бемор билан алоқани қўллаб-қувватлашга ёрдам беради. Беморнинг танасига мустаҳкамланган махсус чип ёки браслетлар қаерда бўлишидан қатъи назар, унинг саломатлиги ҳақидаги муҳим маълумотларни шифокорга юбориб туради. Бу тана ҳарорати, артериал қон босими, қондаги қанд миқдори тўғрисидаги маълумотлар, электрокардиограмма бўлиши мумкин. Бундай ахборот сурункали ва яширин кечувчи касалликларни аниқлаш, беморнинг саломатлиги ҳолатини мониторинг қилиш, профилактик даво чораларини тайинлаш учун зарур.
Ягона марказ ва «Ақлли тиббиёт» тизимининг ишга туширилиши ташхис қўйишга кўмак берадиган замонавий компьютер ёрдамчи дастурларини амалиётга жорий қилиш имконини беради.
Лойиҳаларнинг амалга оширилиши беморларни даволашда ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш бўйича катта имкониятларни очади. Улардан қайси бири биринчи навбатда жорий этилиши яқин вақтларда аниқланади. Бунинг учун Инновацион ривожланиш вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ходимларидан иборат ишчи гуруҳлари тузилган.
Мавзуга оид
08:24 / 28.03.2024
Жамоат транспортини бошқаришнинг ягона интеллектуал тизими жорий этилади
08:14 / 19.09.2023
Адвокатларни электрон тизим орқали танлаш тартиби жорий этилмоқда
08:09 / 31.05.2023
“IT-мониторинг” - давлат ахборот тизимлари иш самарадорлигини мониторинг қилиш тизими ишга тушади
10:25 / 31.12.2022