Технология | 15:05 / 02.02.2018
12782
2 дақиқада ўқилади

Apple даромади рекорд даражани қайд этди

Фото: РИА "Новости"

Apple 2018 молиявий йилнинг биринчи чорагида корпорация даромади рекорд даражани қайд этганини маълум қилди. 

Компания ҳисоботига кўра, 2017 йилнинг 30 декабрида тугаган биринчи чоракда даромад бир йил аввалги кўрсаткичга нисбатан 13 фоизга - 88,3 миллиард долларга ўсган. 

"Ҳаяжон ила Apple тарихидаги энг йирик даромадли чорак ҳақида маълум қиламиз, ўсиш умумий бўлди, янги айфонлар линейкаси даромади ҳам шулар жумласидандир. iPhone Х кутганимиздан-да аъло натижаларни кўрсатди", - дейилади компания матбуот релизида. 

Apple'нинг биринчи чоракдаги соф даромади 20 миллиард доллардан ошди, бу 2017 йилнинг худди шу даврига нисбатан 12 фоизга кўп демакдир. 

iPhone'нинг биринчи чоракдаги сотувлари 77,316 миллион донани ташкил қилди, бу йиллик ҳисобда 1,2 фоизга камдир. iPad сотувлари ўтган молиявий йилдагига нисбатан 1 фоиздан камроққа ўсди. Энг кўп сотув кўрсаткичлари АҚШда қайд этилган, у ерда компания даромади 35,193 миллиард долларни ташкил қилган (йиллик ҳисобда 10 фоизга ўсиш).

Apple'га 1976 йилда Стив Жобс, Стив Возняк ва Рональд Уэйнлар томонидан асос солинган. Компания штаб-квартираси Купертино (Калифорния штати)да жойлашган. Apple персонал ва планшет компьютерлар, аудиоплеерлар, телефонлар, смарт-соатлар ва дастурий таъминот ишлаб чиқариш билан шуғулланади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид