Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков кеча Тожикистонга расмий ташриф билан келди. Душанбеда у Имомали Раҳмон билан учрашди ва тор ҳамда кенгайтирилган шаклда музокара ўтказди.
Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбековнинг музокараларда маълум қилишича, Қирғизистон ва Тожикистон халқлари чегара делимитация қилиниши якунланишини кутмоқда.
«Кўплаб муҳим масалалар бўйича қарашларимиз ва позициямиз бир хил экани қувонарли. Ҳамкорликнинг барча йўналишларини фаоллаштириш учун икки томонлама механизмлар фаолияти самарадорлигини ошириш керак. Шу муносабат билан, Давлатлараро мувофиқлаштирувчи кенгаш, давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш ҳамда масалаларни ҳар томонлама кўриб чиқиш бўйича Қирғизистон-Тожикистон ҳукуматлараро комиссияси мунтазам асосда ишлаши керак. Бизнинг халқлар узоқ вақт давомида давлат чегараси делимитация қилинишини кутишмоқда. Қирғизистон-Тожикистон давлат чегарасининг делимитацияси ва битимни имзолаш қанча тез амалга ошса, бу чегара ҳудудида »хавфсизлик ҳамда барқарорликни мустаҳкамлашда муҳим омил бўлади», - дея таъкидлаб ўтди Сооронбай Жээнбеков.
Унинг қайд этишича, шу сабабдан ҳукумат ишчи гуруҳлари фаолиятини жадаллаштириш ва яқин вақт ичида Қирғизистон-Тожикистон давлат чегарасини тавсифлаш ҳамда белгилашнинг ҳуқуқий асосларини якуний тарзда мувофиқлаштириш учун учрашув ўтказиш лозим.
















