Ўзбекистон Республикаси Президенти “2018-2022 йилларда аҳоли пунктларини бош режалар билан таъминлаш, лойиҳа ташкилотлари фаолиятини яхшилаш, шаҳарсозлик соҳасида мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Кейинги йилларда республикада шаҳарсозликни такомиллаштириш соҳасида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Замонавий ижтимоий объектлар ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси билан таъминлаган ҳолда аҳоли фаровонлиги даражасини ошириш, арзон ва айни вақтда қулай ҳамда шинам уй-жойга бўлган эҳтиёжларини қондириш борасидаги ишлар шаҳарлар ва қишлоқ аҳоли пунктларининг архитектура қиёфасида сезиларли ўзгаришлар ясамоқда.

Шу билан биргаликда замонавий бинолар, иншоотлар, кўп функцияли комплексларни барпо этишгагина эмас, балки аҳоли пунктларида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга кўмаклашувчи янги истироҳат боғлари, хиёбонлар, сув ҳавзалари ва спорт иншоотлари билан биргаликда рекреация зоналарини барпо этишга ва мавжудларини ободонлаштиришга катта эътибор берилмоқда.

Ривожланишнинг бош режаларини ишлаб чиқиш жараёни ҳудудларни режали ва босқичма-босқич қуришнинг асоси ҳисобланади.

Ушбу омил ҳисобга олинган ҳолда қуйидаги чоралар кўрилди:

биринчидан, мақсадли давлат дастурларига мувофиқ 96 та шаҳар ва 87 та шаҳар посёлкалари учун бош режалар ишлаб чиқилди ҳамда 550 та қишлоқ (овул) фуқаролар йиғинлари учун ҳудудларни меъморий режалаштиришни ташкил этиш лойиҳалари тайёрланди;

иккинчидан, бош режаларни сифатли ва ўз вақтида ишлаб чиқишни таъминлаш мақсадида республика ҳудудларида қўшимча равишда 26 та етакчи лойиҳа-қидирув ташкилоти ҳамда “ЎзшаҳарсозликЛИТИ” давлат унитар корхонасининг 12 та филиали ташкил этилди, шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқишга жалб этилган бош лойиҳа ташкилотларининг фаолиятини такомиллаштириш чоралари белгиланди.

Шу билан биргаликда шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктларини шаҳарсозлик ҳужжатлари билан таъминлаш бўйича маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, вазирликлар ва идоралар томонидан кўрилган чоралар етарли бўлмаганлиги сабабли 23 та шаҳар, 994 та шаҳар посёлкаси ва 922 та қишлоқ аҳоли яшаш жойлари тасдиқланган шаҳарсозлик ҳужжатларига эга эмас.

Лойиҳа ташкилотларининг замонавий техник воситалар, илғор инновацион дастурий маҳсулотлар ва зарур ахборот базаси билан етарлича таъминланмаганлиги лойиҳа маҳсулотининг сифати пасайишига ва ишлаб чиқиш муддатлари чўзилишига олиб келмоқда. Хорижий тажрибани ўрганишда ва кадрларни тайёрлаш жараёнида тизим йўқлиги ҳам лойиҳа-қидирув ишларининг сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда.