01:01 / 07.02.2018
6287

Airbus Сингапурда дронларини синовдан ўтказмоқда

Фото: хайтек

Сингапур Airbus'га товарларни бепул ташиш тизимини синовдан ўтказишни сўраб мурожаат қилди. АТ-сектор ривожланган шаҳар-давлат ўз мавқеини мустаҳкамламоқчи. Харидлар ва почтани дрон орқали етказиш тренди уни ҳам четлаб ўтгани йўқ. Aviationweek'да таъкидланишича, Airbus Сингапурда учувчисиз қурилмаларини синовдан ўтказади. 

2016 йилнинг февралида Сингапур Фуқаролик авиацияси бошқармаси томонидан Airbus Helicopters билан ҳамкорлик қилишга доир шартнома имзоланган. Ўшандан буён ҳамкорликдаги лойиҳалар ҳақида маълумотлар бўлмаган, бироқ ҳозир бошқарманинг хабар беришича, жорий йилнинг биринчи ярмида Skyways номини олган етказиб бериш тизими намойиши бўлиб ўтади. 

Синовлар Сингапур Миллий университети кампусининг чекланган ҳудудида ўтади. Маълум қилинишича, бу етказиб бериш тизимининг комплекс тизими бўлади: учар дронлар билан бирга етказиб берувчи роботлар ҳам жалб қилинади. Агар тизим ўз самарасини кўрсатса, уни янада йирик кўламда йўлга қўйишга ваъда беришди. 

Тизим назарияда қуйидаги тарзда ишлайди. Мижоз пунктлардан бирига жўнатмани топширади. Роботлаштирилган "қўл" уни лентага жойлаштиради, у эса товарни муайян дронга жойлайди. Дрон эса қабул пункти бўйича ҳаракатланиб, юкни ташлаб келади. 

Ҳозирча кампус узра 2-4 кг'ли кичик дронлар парвоз қилмоқда. Улар GPS ва парвозни тартибга солиш тизими билан таъминланган. Дронлар автоном ҳисобланади, лекин ҳозирча бошқарув маркази назорати остида. Оператор фавқулодда вазиятда назоратни ўз зиммасига олади. 

Airbus'да изоҳ берилишича, авиақурилиш корпорацияси дронларни шаҳар шароитларида қўллаш қанчалик самарали эканини ўрганишга киришган.  Бироқ техник мураккабликдан ташқари, ҳукумат ва бошқарувчилар билан боғлиқ муаммолар ҳам бор. 

Top