Жамият | 17:30 / 09.02.2018
42075
3 дақиқада ўқилади

ИШИД тарафдори 10 йилга қамалди

Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари ўз имкониятлари орқали ИШИД террорчилик гуруҳи жангарилари тарафдори ва уларнинг вайронакор ғоялари билан обдон заҳарланган кимса Туркиядан Ўзбекистонга келаётганлиги ҳақида маълумотлар олган. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканали лавҳасида айтилади.

Бунга кўра, улар тез суръатларда «меҳмонни» кутиб олиш режасини ишлаб чиқди ва Ўзбекистонга қалбаки паспорт билан кирмоқчи бўлган кимса қўлга олинди. 

Аниқланишича, ушбу шахс Ўзбекистон Республикаси фуқароси ва 2011 йилда Туркия давлатига ишлаш мақсадида чиқиб кетган Аҳрор Қосимов бўлган. Қосимов Туркияда талончилик жиноятларини содир этгани учун 2013 йилда Истанбул шаҳар суди томонидан 11 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган ва қамоқда Ҳасам Догушаев, Алексей Гарабаев ва Амирхон исмли ИШИД террорчилик гуруҳи фаолиятининг тарафдорлари бўлган кимсалар билан танишиб, уларнинг таъсирига тушади. 2015 йилда эса уларнинг ёрдами билан қамоқдан қочиб, Истанбул шаҳрининг Каяшаҳир мавзесидаги Сурияга ўтказиладиган шахсларнинг вақтинчалик яшаш манзилига жойлашади. 

Аҳрор Қосимов турк тилини яхши билгани учун раҳнамолари кўрсатмасига биноан янги ёлланган ИШИД террорчилик гуруҳи тарафдорларини Туркия аэропортида кутиб олиш ва уларни белгиланган манзилларга жойлаштириш билан шуғулланган.

Шунингдек, у Ўзбекистонга келиш учун зимдан тайёргарлик кўриб борган. Шу вақтларда ИШИД террорчилик гуруҳи томонидан ёлланган Россия Федерацияси фуқароси Гаджимурод Гайдаров исмли шахс ҳам Сурияга чиқиб кетиш учун келади. Эътиборли томони, у Аҳрор Қосимовга жуда ўхшаш бўлган. Бу вазиятдан фойдаланишга уринганлар Аҳрор Қосимовни Гайдаровнинг паспорти билан Ўзбекистонга юбормоқчи бўлади. 

Ўзганинг паспорт билан Ўзбекистонга эгри мақсадда киришга уринган Қосимов ниятини охиригача етказа олмайди. МХХ ходимлари томонидан ҳибсга олинади ва барча қилмишлари фош этилади.

Тошкент вилояти Оққўрғон тумани суди томонидан Аҳрор Қосимовнинг жиноий иши кўриб чиқилди ва у 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. 

Мавзуга оид