Кеча Жанубий Кореянинг Пёнгчанг шаҳрида қишки олимпиада ўйинларининг очилиш маросими бўлиб ўтди. 9-25 февраль кунлари бўлиб ўтадиган спорт байрами бутун дуён мухлисларини ўзига жалб қилиши табиий. KUN.UZ оқ олимпиада номини олган спорт байрамининг пайдо бўлиш тарихи ва унда Ўзбекистон спортчиларининг иштирокига батафсил тўхталиб ўтади.

Лиллеҳаммер-1994 олимпиадаси чемпиони Лина Черязова

ЎЙИНЛАРИ ТАРИХИ

Қишки Олимпиада ўйинлари — қишки спорт турлари бўйича ўтказилиб, ёзги Олимпия ўйинлари каби Халқаро Олимпия Қўмитаси шафелигида ташкил этилади.

Биринчи қишки Олимпия ўйинлари 1924 йилда ўтказилган. Дастлаб, қишки ва ёзги Олимпия ўйинлари бир йилда ўтказилиб келинган. 1994 йилдан бошлаб эса, ёзги Олимпия ўйинлари ўтказилгач, орадан икки йил ўтиб қишки Олимпия ўйинлари ташкил этилади.

Бугунги кунга келиб қишки Олимпия ўйинларининг дастури сезиларли равишда кенгайиш билан бирга, иштирокчилар сони ҳам кескин даражада ошган.

Аслида, қишки Олимпия ўйинларини ўтказиш ғояси бирмунча аввал, яъни замонавий Олимпиада ўйинларини ташкил этиш ғояси пайдо бўлган даврдан бошланган. 1894 йилда Халқаро Олимпия қўмитасига асос солингач, ёзги Олимпия ўйинлари дастурига конькида учиш бўйича мусобақаларни ҳам киритиш тавсия этилган. Лекин, дастлабки учта Олимпиада ўйинларида муз устида ўтказиладиган бирорта спорт турлари киритилмаган. 1908 йилга келибгина, Лондон (Буюк Британия)да бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларида фигурали учиш бўйича 4 та дастурда мусобақалар ўтказилган.

Қишки олимпиадага мезбонлик қилган мамлакатлар яшил рангда
Кўк рангда мусобақага бир мартадан ортиқ мезбонлик қилганлар

1920 йил Антверпен (Бельгия)да ўтказилган ёзги Олимпиада ўйинлари дастуридан фигурали учиш ва шайбали хоккей спорт турлари ўрин эгаллаган. Мазкур мусобақаларда швециялик Гиллис Графстрем фигурали учиш бўйича эркаклар ўртасидаги мусобақада, унинг ҳамюрти Магда Юлин-Маурой эса аёллар орасида олтин медалга сазовор бўлганлар. Людовика ва Вальтер Якобссонлар (Финляндия) эса жуфтлик мусобақаларида биринчи ўринни эгаллашган. Шайбали хоккей бўйича бўлиб ўтган баҳсларда жами 7 жамоа ғолиблик учун баҳс юритиб, унда канадалик хоккейчилар зафар қучганлар.