Хитойликлар орасида Антарктикага саёҳат қилиш оммалашаётгани сабабли Хитой ҳукумати бу минтақадаги экологияни муҳофаза қилишга қаратилган қоидаларни жорий қилди. Бу ҳақда “Синьхуа” ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Хусусан, хитойлик сайёҳларга ёввойи ҳайвонларга ов қилиш ёки уларни безовта қилиш, алоҳида қўриқланувчи табиий зоналарга кириш, тошлар ва тупроқни эсдалик сифатида йиғиш тақиқланади. Шунингдек, сайёҳлар ўзлари билан катта ўлчамли чиқиндиларни олиб кетишлари ёки уларни махсус жойларда ёқиб юборишлари керак бўлади.
Сайёҳларга атроф-муҳитга иложи борича таъсирни минималлаштириш ва табиатни “ўз ҳолига қўйиш” буюрилган. Қоидабузарларга Антарктикага 3 йил келиш тақиқланиши мумкин.
Ҳозирда Хитой Антарктикага келувчи сайёҳлар бўйича фақатгина АҚШдан ортда қолмоқда. 2017 йилда минтақага 5300 хитойлик келган, ваҳоланки 2005 йилда бу ерга музликлар, пингвинлар, кит ва тюленларни кўриш учун бор-йўғи 100 киши келган.
Таъкидланишича, Пекиндан Антарктикага саёҳат 60 минг юандан (9500 доллар) 130 минг юангача туради.

















