Бугун Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Чилонзор туманида барпо  этиладиган масжидга Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номи берилиши ҳақидаги хабардан юртимизнинг жуда кўп мусулмонлари хурсанд бўлишди. Шайх ҳазратларидан жуда катта улкан маърифий мерос қолди. У кишининг шогирдлари, ёрдамчилари ҳам кўп эди. Шуларнинг бири Абу Муслим номи билан танилган Адҳам Атажановдир.

Фото: KUN.UZ

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг Абу Муслимга нисбатан муҳаббатлари бўлакча эди. Унинг интеллектини, заковати ва уламоларга нисбатан муҳаббатини кўп эслардилар. Замонанинг сиёсий ва ижтимоий таҳлилларида теранлигини, шеърият ва адабиётда завқининг ажойиблигини, янги ғоялар кашфиётида уфқи кенг эканини алоҳида эътироф қилардилар. Абу Муслим биз учун Ҳазратимиздан қолган қимматли омонатдир. Ўзбек халқи учун ҳам омонатдир.

Унинг тақдири жуда мураккаб ва достон қилишга арзийди. Ўзи поляк миллатига мансуб бўлса ҳам, тақдири ўзбеклар, Ўзбекистон билан чамбарчас боғлиқ. Биз, ўзбеклар уруш вақтида қанча-қанча етимларни бағримизга олган миллатмиз. Наҳотки, бугун бир поляк йигитига ёрдам бериб юбора олмаймиз. Ҳақиқатдан ҳам нега ёрдам бериб юбора олмаймиз?!

Фото: KUN.UZ

Ҳа, ижтимоий тармоқларда у ҳақида постлар трендга айланди. Президентимиз номига мурожаатлар ҳам бўлди. Хўш, Абу Муслим ким? Унинг Ўзбекистондаги ўрни қандай? Шу саволларга жавоб излаш ниятида Kun.uz ҳам бир мақола тайёрлади. Абу Муслим билан боғландик, саволлар бердик ва жавоблар олдик.

Абу Муслим 1975 йил июль ойида Тошкент шаҳрида туғилган. Отаси ригалик бўлиб, миллати поляк. Тошкентда зилзила бўлганида кўнгилли ишчи бўлиб келган. Онасининг миллати корейс. Оилада қийинчиликларга дуч келгани сабабли Абу Муслим ва опачаси болалар уйига топширилган. 1977 йилларда Қозоғистоннинг Чимкент вилояти Туркистон шаҳрида яшовчи миллати ўзбек бўлган Атажановлар оиласи ўзларига фарзанд қилиб асраб олишган. Туркистонда ўрта мактаб, Аҳмад Яссавий номидаги (Қозоғистон) Халқаро университетнинг ҳуқуқшунослик факултетини тамомлаган. Халқаро Интеллектуал мулк ташкилоти — WIPO Academy’нинг дипломига эга.