Икки ойдан сал кўпроқ давом этган танаффусдан сўнг, бугундан ниҳоят Европа Чемпионлар Лигаси давом этади ва нимчорак финал плей-офф ўйинларига старт берилади. Ўйинлар ҳар бир кунга иккитадан қилиб тақсимлангани учун саккиз иштирокчи бу ҳафта куч синашса, қолган ўйинлар келаси ҳафтага белгиланган. Бошланаётган плей-офф босқичи ҳақида ўз фикрларимиз билан ўртоқлашамиз. Хўш, бу сафарги турнир олдингилардан нимаси билан фарқ қилади?

АНГЛИЯДАН БЕШ ЖАМОА

Ушбу Чемпионлар Лигаси мавсумида Англия Премьер Лигасидан биратўла 5 жамоа қатнашмоқда. Бу Англия учун рекорд натижадир. Икки йил олдин Испания чемпионати ҳам мусобақага беш жамоасини тақдим этганди.

Бу сафарги кўрсаткичнинг ўзига хослиги шундаки, барча беш жамоа плей-офф босқичига чиқа олишди. Юқорида эсланган, 2015/16 йилги мавсумда эса, «Валенсия» ва «Севилья» гуруҳ босқичидан ўта олмаган, февралга келиб, Ла Лигадан фақат 3 жамоа қолганди. АПЛ жамоалари гуруҳда жуда кучли ўйин кўрсатганликларининг исботи - беш жамоадан тўрттаси ўз гуруҳларида биринчи ўринни олишди. «Челси» 2-ўринни олган бўлса-да, бир тур аввал плей-офф масаласини ҳал қилганди. Хуллас, ЕЧЛ тарихида илк маротаба, битта лигадан беш жамоа иштирок этмоқда.

Инглиз жамоаларининг кучайиши, у ерда дунёнинг энг яхши мураббийлари тўпланиши ва бу мураббийлар клубларда иккинчи ёки учинчи мавсумларини ўтказаётганликларидир. Бу омил инглиз клубларининг шаклланган ва рақобатбардош кучга айлана бошлаганига сабаб бўлиб ҳам хизмат қилмоқда.

ЕВРОПАНИНГ АСОСИЙ ИНТРИГАСИ

Катта эҳтимол билан, апрель ойларига яқин, яъни чорак финаллар пайтида, кучли миллий чемпионатларнинг аксариятида чемпионлик масаласи ҳал бўлиб қолса керак. «Манчестер Сити», «Барселона», «ПСЖ» ва «Бавария» клублари таъқибчиларини икки рақамли сонлардаги очко фарқи билан ортда қолдиришмоқда.

Бу нима дегани? Бу клублар ички чемпионатдаги курашлардан чалғимасдан бор эътиборларини Европадаги муҳим турнирга қаратишлари мумкин бўлади. Нафақат, бу пешқадамлар, шунингдек, чемпионликдан умидини узган «Реал», «Челси» ёки «Манчестер Юнайтед» каби жамоалар ҳам, ички фронтда «нон йўқлиги»дан асосий эътиборни Европа Чемпионлар Лигасидаги плей-оффларга қаратишлари турган гап.

Хуллас, агар А Серияда «Наполи» билан курашаётган «Ювентус»ни қавс ичига олсак, бошқа барча иштирокчилар учун бугунги кунда энг муҳим интрига айнан Чемпионлар Лигасидаги натижадир.