Аҳмадбой суд мажлисида фуқароларни алдамаган бўлса-да, халқдан ва президентдан кечирим сўрашини билдирди. У жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судида бўлиб ўтган навбатдаги суд мажлисида ўзига берилган имкониятдан фойдаланиб, шундай фикрларни билдирди.
2018 йил 16 февраль куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судида “Аҳмадбой” номи билан донг таратган Аҳмаджон Турсунбоев ҳамда унинг жиноий шериклари сифатида гумон қилинаётганлар устидан навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди. Судья Дилшод Комилов раислигида бўлиб ўтган маҳкама жараёнида “Аҳмадбой” иши сифатида маълум бўлган жиноий иш юзасидан судланувчиларга сўнгсўз тақдим этилди.
Жумладан, Аҳмаджон Турсунбоев фуқароларни алдамаганини бир неча бор таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, одамларнинг ўзи унга пулларини олиб келиб беришган.

“Муҳтарам судья, ўртоқ прокурор! Мен фуқароларни алдамаганман. Одамлар ўз хоҳишлари билан пулларни олиб келган. Мен деҳқончилик, қассобчилик ва чорва билан шуғулланганман. Шу пайтгача фуқароларни алдамаганман. Уларнинг ўзлари олиб келган пулларини. Мен ҳеч қачон халқни алдамаганман, бировнинг ҳақини емаганман. Шу ёшимгача ҳеч қачон инсонларни алдамаганман. Лекин мен қилган ишимдан пушаймонман” – деди Аҳмаджон Турсунбоев.
Бундан ташқари, у бизнес билан шуғулланмоқчи бўлганини таъкидлади.
“Менинг мақсадим мана шу 20 минг бош қорамолга ферма, 1 млрд товуққа жой қилаётгандим. 2 минг гектарга балиқчиликка кўл барпо қилаётгандим. Мени мақсадим фуқаролар билан ишлаш бўлган, алдаш бўлмаган. Мен шу вақтгача одамларни алдамаганман. Агар мен уларни алдаганимда, одамлар мени тинч қўйишмасди. Лекин мен ҳеч кимнинг ҳақини емаганман. Лекин ишимдан пушаймонман. Мен Президентимиздан, халқимдан, судья ва прокурордан кечирим сўрайман!” – дея ўзига берилган сўнгсўз имкониятидан шу тарзда фойдаланди судланувчи Аҳмаджон Турсунбоев.

Суд мажлисида мазкур жиноий иш бўйича бошқа судланувчилар ҳам ўзларининг сўнгги сўзларини айтишди. Хусусан, судланувчи Қўчқоров “ушбу иш бундай оқибатларга олиб келиши мумкинлигини билмаганини, даъвогарлар судланувчиларга нисбатан шахсий даъволари йўқлигини, эски тизимдаги тергов жараёнларидаги баъзи бир тазийқлар эвазига айрим нарсаларни бўйнига олганини, керак бўлса далил-исботлар тақдим эта олишини” билдирди.
Судланувчилар Иззатилла Иброҳимов, Муроджон Турсунбоев, Ойбек Турсунбоев, Азиз Турдиев ва Равшан Исмоиловлар ҳам ушбу ишга алоқадор бўлиб қолганларидан ҳамда қилган ишларидан пушаймон эканликларини таъкидлаб, халқдан ва президентдан кечирим сўрашди.















