Хитойнинг «Цзиньфен» кончилик компанияси Тожикистон ҳукуматига «Зарафшон» қўшма корхонаси устав капиталидаги ўзининг 5 фоизлик улушини рамзий нархга – 1 долларга сотди.
Мамлакат президенти Имомали Раҳмон 5 февраль куни Давлат мулк қўмитаси раҳбари Фаррух Ҳамрализодага мамлакат ҳукумати томонидан «Цзиньфен» билан «Зарафшон» ҚК устав капиталидаги 5 фоизлик улушини Тожикистонга ўтказиш ҳақида келишув имзолаш вазифасини топширди.
Хабар берилишича, келишувга эришилгандан сўнг Тожикистоннинг мамлакатда олтин қазиб олиш бўйича энг йирик ҚК устав капиталидаги улуши 7,3 млн долларни ташкил этади, ёки устав капиталнинг 30 фоизи, Хитойнинг Zi jin Mining компаниясига эса – тахминан 17 млн доллар (70%).
«Зарафшон» қўшма корхонаси 1994 йилда собиқ Тожикистон олтин-руда комбинати базасида ташкил этилган. Қўшма корхона назорат тўплами акциялари дастлаб Британиянинг «Commonwealth & British Mineral Ltd» компаниясига тегишли бўлган. 2007 йилда назорат тўплами Хитойнинг олтин қазиб олувчи компанияси томонидан сотиб олинди.
Корхона хомашё базаси «Таррор», «Жилау», «Хирсхона» ва «Олимпия» ҳамда Сўғд вилояти Панжикент туманидаги кичик конлардан иборатдир.
Тожикистон Саноат ва янги технологиялар вазирлиги маълумотларига кўра, 2016 йилда тахминан 5 тонна сариқ металл қазиб олинган.

















