Жамият | 00:43 / 20.02.2018
18118
2 дақиқада ўқилади

Наманганда илк бор эгилган умуртқа операция қилинди

Фото: KUN.UZ

Куни кеча Наманган вилоятида биринчи марта, эгилган умуртқа поғонаси тўғриланди. Бунинг учун тўрт соатлик ортопедик жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Бу ҳақда Kun.uz мухбирига вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасидаги манба хабар берди.

Қайд этиш жоиз, ҳозирги вақтга қадар шундай мураккаб операция фақатгина Тошкент шаҳрида амалга ошириб келинарди. Юксак тиббий маҳорат ва ўзига хос масъулият талаб этадиган ишга вилоят кўп  тармоқли таббиёт марказида қўл урилди. Уни ушбу тиббий марказ бош врачи, тиббиёт фанлари номзоди Зафар Холов ҳамкасблари билан биргаликда шараф билан уддалади.

Уйчилик 20 ёшли бемор Маҳбуба Юнусова ҳушига келганида, унинг яқинлари кўп йиллик орзу-умидлари рўёбга чиққанидан кўзларида севинч ёшлари балқиди, дил сўзларида миннатдорлик тилаклари кўчди. Чунки, эндиликда Маҳбуба буккайиб эмас, балки тенгқурлари қатори қаддини тик тутиб юриш бахтига сазовор бўлган эди.

Айниқса, бу қувончли воқеадан ҳаммадан кўра ҳам Маҳбубанинг онаси Марғуба Исроилова беҳад мамнун. Опанинг айтишича, қизи мактабнинг тўртинчи синфида ўқиётган пайти шу ҳолат бошланган. Ҳаракат -таянч органларида салбий ўзгаришлар кучайган. Қиз боланинг қадди-қоматидаги нуқсон уни ҳам озорлайди, ҳам ўкситади. Шу сабабли Маҳбуба бошқа дугоналари сингари соғлом бўлишини жудаям орзу қиларди. Етти йиллик уқубат ортга чекинди.

Дарвоқе, набираси билан дийдорлашиш учун етиб келган салкам юз ёшли бобоси Ғуломжон ота Исроилов палатанинг ўзида дуога қўл очиб: «Маҳбубанинг чеҳраси очилганига Аллоҳга минг шукур! Халқи саломатлигини ўйлаб, пойтахтдан зўр дўхтирларни вилоятларга ишга юборган Президентимизга катта раҳмат!», дея дил сўзларини изҳор қилди.

 

Мавзуга оид