Вазирлар Маҳкамасининг 12.02.2018 йилдаги 106-сон қарори билан Пахта толасини биржа савдоларида сотиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди, деб ёзмоқда Norma.uz.
 
Ушбу ҳужжат амалга киритилгунга қадар (1.04.2018 йил) пахта толаси уни қайта ишлаш бўйича ишлаб чиқариш қувватларига эга бўлган маҳаллий тўқимачилик корхоналарига «Ўзпахтасаноат» АЖ билан тузилган тўғридан-тўғри шартномалар бўйича етказиб берилади.
 
Низом пахта толасини биржа савдоларида маҳаллий истеъмолчиларга сотиш тартибини белгилайди.
 
Қуйидагилар биржа савдоларида пахта толасини сотадилар:

• «Ўзпахтасаноат» АЖ;
• пахтачилик-тўқимачилик ишлаб чиқариши ва кластерлар;
• пахта толасини республикага ички бозорда сотиш учун чет элдан импорт ҳисобига олиб келадиган ташкилотлар (Ўзбекистон резидентлари ёки норезидентлари).
 
Харидорлар томонидан биржа савдоларида сотиб олинган пахта толасидан республика ташкилотларида фақат ишлаб чиқариш мақсадлари учун фойдаланилади. Шу сабабли маҳаллий тўқимачилик корхоналари ҳамда ўз маҳсулотини қайта ишлашда пахта толасидан фойдаланиш зарурлиги муносабати билан юридик шахс ташкил этган бошқа ташкилотлар биржа савдоларида пахта толаси харидорлари сифатида белгиланган.
 
Пахта толасини келгусида қайта ишлаш бўйича ишлаб чиқариш қувватлари мавжудлиги тўғрисида биржага туман (шаҳар) ҳокимликларининг тавсияларини тақдим этган харидорлар савдоларга қўйилади.
 
Тавсиялар «Ўзстандарт» агентлигини жалб этган ҳолда мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини ўрганиш йўли билан мурожаат қилинган пайтдан бошлаб мажбурий тартибда 10 кун мобайнида берилади. Тавсиялар бир йил мобайнида ҳақиқий ҳисобланади.
 
Изоҳ. Тавсия беришни кечиктириш савдоларда иштирок этишга тўсқинлик қила олмайди. Белгиланган 10 кунлик муддат ўтгандан кейин харидорнинг туман (шаҳар) ҳокимлигига мурожаат қабул қилинган сана ҳақида белги қўйилган мурожаати ва ҳокимликка юборилган ёзма билдиришнома (аризада қайд этилган ишлаб чиқариш қувватлари доирасида) савдоларда иштирок этиш учун асос ҳисобланади. Бунда тавсия ўз вақтида берилмаганлиги ёки нохолисона берилганлиги оқибатлари учун тегишли ҳокимлик ва «Ўзстандарт» агентлиги жавоб беради.