Ўзбекистон | 13:23 / 20.02.2018
11020
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Мисрга маиший техника етказиб беришни бошлайди

Фото: Artel

«Ўзэлтехсаноат» акциядорлик компанияси вакиллари Мисрга ташриф буюриб, Миср савдо ва саноат вазири биринчи ўринбосари Аҳмад Антар билан учрашув ўтказишди. Мисрга Artel компаниялар гуруҳи маиший техникаси етказиб беришни ташкил этишга келишиб олинди, деб хабар бермоқда «Жаҳон» АА.

Суҳбат чоғида А.Антар Миср Ўзбекистон билан автомобилсозлик, электротехника, тўқимачилик ва фармацевтика саноатида ҳамкорлик ўрнатишга қизиқиш борлигини тасдиқлади.

Ўзбекистон делегацияси Қоҳира Савдо палатаси, Миср тадбиркорлар уюшмаси, Муҳандислик маҳсулоти ишлаб чиқарувчилар палатасида ҳам музокаралар ўтказди.

Учрашувлар якуни бўйича «Ўзэлтехсаноат» АК вакиллари Қоҳира Савдо палатаси билан ҳамкорлик тўғрисида баённома ва Миср тадбиркорлар уюшмаси билан англашув меморандумини имзолашди.

Мисрда икки мамлакат ишбилармонлари учун тўғридан-тўғри музокаралар шакли (B2B) ташкил этилди. Томонлар ўртасида амалий ҳамкорликни ўрнатиш, қўшма инновацион маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун шарт-шароитларни яратиш бўйича кейинги қадамлар тўғрисида келишиб олинди.

Eco Solar Energy Миср ва қўшни Ливия бозорларида янада сотиш учун Artel қуёш панелларини харид қилишга қизиқиш билдирган бўлса, Toshiba – Al-Arabi «Ўзэлтехсаноат» АК билан маиший техника ишлаб чиқариш бўйича биргаликда заводлар қуриш учун Ўзбекистон иқтисодиётига сармоя киритиш ниятини билдирди. Бундан ташқари, Korra Energy Миср ва унга қўшни давлатларда ўзбек кабель маҳсулотлари ҳамда LED-лампалари дистибьютори сифатида ўзини таклиф этди.

Шунингдек Мисрга RAF Express ўзбек компанияси томонидан ишлаб чиқарилган турли диаметрдаги мис қувурларни етказиб бериш шартлари муҳокама қилинди. 

Мавзуга оид