Сир эмаски, яқин-яқингача фуқаролар судларга мурожаат этишда турли бюрократик ҳолатларга дуч келар, содда қилиб айтганда, мазкур идораларда кузатилиши мумкин бўлган оворагарчилик, сансалорлик ва қоғозбозликлардан безиб қолганди. Бу эса жамиятда одил судловга, қонун ҳамда адолат устуворлигига бўлган ишончга путур етказиши табиий эди.
Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси президентининг виртуал қабулхонасига, Халқ қабулхоналарига келиб тушган мурожаатлар орасида судда ишлар кўрилиши ва судьялар фаолиятига дахлдор шикоятлар ҳам оз эмаслиги юқоридаги фикрни тасдиқлайди.
Бундай ҳолатлар давлат раҳбари томонидан бир неча бор танқид қилинди. Судлар фаолиятида очиқликни, шаффофликни таъминлаш, мурожаатларни кўриб чиқишда юзакилик ҳамда бефарқ муносабатларга узил-кесил чек қўйиш, одил судловни қарор топтириш юзасидан муҳим топшириқ ва тавсиялар берилди. Хўш, бунга жавобан республика суд органлари тизимида қандай ўзгариш ҳамда янгиланишлар кўзга ташланмоқда?
“Халқ сўзи” нашри Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари, фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Холмўмин Ёдгоров билан шу ҳақда суҳбат уюштирди.
Унинг сўзларига кўра, ўтган вақтда Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID), Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан бирга, “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” қўшма лойиҳаси доирасида “E-SUD” миллий электрон судлов ахборот тизими яратилди ҳамда фуқаролик ишлари бўйича судлар фаолиятига татбиқ этиляпти.
— Ҳар қандай янгилик биринчи галда фуқаролар манфаатига хизмат қилиши керак. Шу маънода, “E-SUD” миллий электрон судлов ахборот тизимининг қандай қулайликлари бор?
— Биринчидан, ушбу тизим орқали жисмоний ва юридик шахсларга суд идорасига бормасдан, интернет орқали масофадан туриб ўз мурожаатларини, яъни даъво аризалари, аризалар, илтимосномалар ҳамда уларга илова этиладиган ҳужжатларни электрон тарзда жўнатиш, судларда эса ҳужжатларни электрон тарзда қабул қилиб олиш имконияти юзага келди. Бу ҳолат тарафларнинг оворагарчиликларига, ортиқча қоғозбозлик ҳамда сарф-харажатларга ҳам чек қўяди. Шунингдек, мурожаат этган шахс, унинг аризаси бўйича кўрилаётган ишда тараф сифатида қатнашаётган жавобгарлар ва уларнинг вакиллари, прокурорлар, адвокатлар ҳамда бошқа шахслар процессуал жараёнларни, яъни ишнинг кўриш учун тайинланганлиги, қолдирилганлиги, тўхтатилганлиги ёки кўриш натижаси ҳақидаги маълумотлардан интернетдаги шахсий кабинети орқали хабардор бўлиб боради.









