Дональд Трамп президентлиги вақтида Гуантанамо турмасидаги маҳбус илк бор учинчи томонга – Саудия Арабистонига топширилади. Бу ҳақда Пентагон вакили, ҳарбий-денгиз кучлари капитани Сара Хиггинс маълум қилди.

Унинг айтишича, АҚШ “маҳбус яқин орада топширилишига” умид қилмоқда. Аҳмад ад-Дарбий исмли маҳбуснинг Саудия Арабистонига топширилишининг охирги муддати 20 февралга белгиланганди, бироқ АҚШ Ар-Риёддан маҳбуснинг сақланиши бўйича баъзи “кафолатлар” берилишини талаб қилгани сабабли бу муддатни ўтказиб юборди.

Ад-Дарбий 2014 йилда АҚШ ҳарбий комиссияси олдида француз танкерига ҳужум қилишда айбдорлигини тан олган. У кўрсатмалар бериши эвазига собиқ жангариларни “реабилитация қилиш” дастури бўйича Саудия Арабистонига жўнатилмоқчи бўлган.