Спорт | 13:02 / 22.02.2018
29773
6 дақиқада ўқилади

ЎФА регламентга тупурганми? Ташкилотнинг навбатдаги асоссиз қарори

Ўзбекистон футбол ассоциацияси 21 февраль куни «Бунёдкор» ва «Навбаҳор» клубларини 500 миллион сўм миқдорида жаримага тортди. Сабаби битта — дисквалификация қилинган футболчилар жамоа таркибида қолган.

ЎФА расмий сайтида эълон қилинган хабарда «Бунёдкор» ва «Навбаҳор» клублари мос равишда Дилшод Аҳмадалиев ва Ойбек Қиличевни ўртоқлик учрашувларида ўйнатиб юргани учун жазолангани айтилади.

«Навбаҳор-Лочинлари» клуби футболчиси Ойбек Қиличев бир йил муддатга, «Бунёдкор» футбол клуби футболчиси Дилшод Аҳмадалиев эса бутунлай футболдан четлатилганди. Аммо шунга қарамай номлари юқорида тилга олинган футболчилар ўз клублари таркибида ўртоқлик ўйинида майдонга тушиб юрган.

Фото: «Қўқон-1912» ФК

Ўзбекистон футбол федерацияси (расмий сайтда айнан федерация деб берилган — Tribuna.Uz изоҳи) Ижроия қўмитаси Бюроси қарорларини бузгани учун Ижроқўм Бюросининг 2018 йил 21 февралдаги 6-сонли Қарорига кўра «Навбаҳор-Лочинлари» ҳамда «Бунёдкор» футбол клубларининг ҳар бирига 500 миллион сўм миқдорида жарима солинди», дейилади расмий хабарда.

Кўриб турганингиздек, берилган расмий манбада ҳеч қандай регламент ёки тартиб-интизом қоидалари асос қилингани кўрсатиб ўтилмаган. Ҳақли савол туғилади: ЎФА бу қарорга келиши учун қандай асосга таянди? Қайси мезон асосида жарима миқдорлари белгиланди?

Регламентни титкилаймиз. Айтганча, шу ўринда, ПФЛ ва ЎФА расмий сайтида регламентни излаб топиш игна билан қудуқ қазишдек гаплиги футболга алоқадор кишиларнинг ҳеч бирига сир эмас. Амаллаб топганимиз регламентнинг бирорта бандида норасмий учрашувда ўйнаган футболчи сабаб клубни жазолаши ҳақидаги банд топилмади. Айнан шунча миқдорда сумма белгиланиши ҳақидаку гапирмаса ҳам бўлади. Бу биринчидан.

Иккинчидан, ЎФА расмий сайти клубларнинг ўртоқлик учрашувида ўйнагани ҳақида ёзган. Бизга маълумки, ўртоқлик учрашувлари одатда терма жамоалар ўртасида ташкил қилинади ва унинг аниқ қоидаси ва регламенти ишлаб чиқилган. Расман ўртоқлик учрашуви деган номни олиш учун учрашувда 6тадан ортиқ ўзгариш қилиш мумкин эмас. Клублар ўртасидаги йиғинлар вақтидаги учрашувларда 6та эмас, ўнлаб ўзгаришлар бўлишини расмий сайтларда чиққан қайдномаларда ҳам кўришимиз мумкин. Буни ҳеч қанақасига ўртоқлик учрашуви мақомига тенглаштириб бўлмаслиги шундан ҳам маълум. Оддий тилда тушунтирганда, бу йиғиндаги назорат учрашувлари. Унда жамоада ҳали расман бўлмаган турли футболчилар ҳам синовдан ўтиш мақсадида тушишидир. Мисол учун, сиз, футболда қобилиятингиз бор, лекин ҳеч қайси жамоада ўйнамайсиз. Сизни кўришмоқчи тушаверасизда ўша назорат ўйинида. Ҳеч қандай расмий қайднома, клуб аъзоси эканингиз ҳақида карточка ҳам сўрашмайди. Шундай ҳолатда савол туғилади: қарийб машғулот даражасидаги ўйинда ўйнаган футболчи сабаб клубни четлаштириш қайси футбол жамияти раҳбарлари учун берилган? Қайси жамиятда регламентсиз истаганча қарор чиқариш мумкин, деб кўрсатиб қўйилган?

Таққослаш учун яна бир гап. Мисол учун Англияда футболчи маълум жазога тортилишидан олдин АФА ундан ва клубдан изоҳ талаб қилади. «Эвертон» ҳужумчиси Умар Ниассе симуляция ишлатгани учун жазоланиши керак ёки бошқа бир футболчи рақибга атайин тирсак билан зарба бергани учун дисквалификацияга лойиқ. Ўйинлар ёзуви, такрорлари яққол кўрсатиб турибдики, иккала ҳолатда ҳам футболчи айбдор. 100 фоиз жазога лойиқ. Лекин шунда ҳам АФА уларга маълум вақт берадики, вазият бўйича изоҳ бериши учун. Яъни, Ниассе нима сабабдан бу вазиятдан «дайвинг»ни амалга оширгани тушунтириб бериши керак. Қоидага зид ҳаракатлар аниқ, исботлар ва регламент бўйича жазо тайин. Лекин шунда ҳам айбдор томон биринчи навбатда эшитилади. Бу ерда ҳам гап тартиб-интизом қоидаларини бузиш ҳақида бораётган бўлиши мумкин. Тўғри, лекин бундай қарорга келишдан олдин клублардан изоҳ талаб қилишга нима тўсқинлик қилди? Оддий назорат ўйинида уларни нима сабабдан ўйнатишганини аниқлаш қийинмиди ёки ЎФА улардан изоҳ ололмайдиган даражадами?

«Бунёдкор» йиғинларга Дилшод Аҳмадалиевни нима сабабдан олиб юргани бизга қоронғи (жамоа кеча БААдаги йиғиндан қайтган ва икки кунлик таътил олгани боис, клубдагилар билан боғланиш ва бу борада маълумот олишнинг иложи бўлмади — Tribuna.Uz), лекин Ойбек Қиличев қарор бўйича яна бир йилдан кейин футбол ўйнаши керак-ку? Жисмоний ҳолатини йўқотиб қўймаслиги учун машғулотларда иштирок этмаслиги керакми?

Фото: «Бунёдкор» ФК

Келинг, унда Россия футбол Иттифоқига хат ёзамиз, ЦСКА футболчиси Роман Ерёменко икки йилга дисквалификация қилинган бўлсада, машғулотлар ўтказмоқда, жисмоний ҳолатини ушлаб туриш учун ишлаётгани учун ЦСКАни жазолашсин. Ёки «Шахтёр» Дарио Срна учун қўшимча жазога тортилсин. Шу мавзуда уларга гап очиб кўринг, кулгига қоласиз.

Қиличев ва Аҳмадалиев олган жазоларга ортиқча эътироз йўқ. Бу қарорнинг адолатли ёки адолатсиз экани ҳақида ҳам ортиқча иддаомиз йўқ. Айниқса, ёшни кичрайтириш каби оғриқли иллат ҳақида гап кетганида, бундай ҳолатларга қарши курашишни ҳар бир мухлис-у мутахассис ҳам ёқлайди, лекин ҳозир гап фақат кеча чиқарилган қарор ҳақида ва унинг умуман тушунарсиз равишда асоссизлиги ҳақида. Балки ЎФА шу даражага бориб етгандирки, улар учун исталган қоидалар ва регламентлар истисно қилингандир? Буниси бизга ноаён. Ҳар доимгидек, ЎФАнинг навбатдаги ғалати қарори сабаблари ва асоси бизга номаълумлигича қолаверади.

Азамат Муродов

Мавзуга оид