Спорт | 16:19 / 22.02.2018
21154
2 дақиқада ўқилади

Умид Аҳмаджонов хорижлик мураббий билан музокараларни якунлаш учун Дубайга учиб кетди

Фото: МОҚ

Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов бугун эрта тонгда янги бош мураббий билан бошланган музокараларни ниҳоясига етказиш учун Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрига жўнаб кетди. Бу ҳақда ЎФА расмий сайти хабар тарқатди.

Манбада ёзилишича, Ўзбекистон терма жамоасининг янги бош мураббийи хорижлик кучли мутахассис, жаҳон футболидаги топ мураббий бўлади. Айни пайтда у ўз терма жамоасини Россияда ўтказиладиган жаҳон чемпионатига тайёрламоқда. Ҳар бир мураббий шартномаси тугашига 6 ой қолганида янги таклифларни кўриб чиқишга ва музокаралар ўтказишга ҳақли. Шу сабабдан ҳам, янги бош мураббий билан терма жамоамиз масаласида якуний келишувга эришилди.

Бироқ, у айни пайтда ўз шогирдларини июнь ойида бошланадиган мундиалга тайёрлаётгани сабабли, жаҳон чемпионати якунига қадар номи ҳозирча эълон қилинмаслигини сўраган. Ўзининг бу илтимосини мутахассис жаҳон чемпионати олдидан унинг шогирдлари кайфиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги билан изоҳлаган. Умид Аҳмаджонов янги бош мураббийнинг бу илтимосини қабул қилди ва июль ойига қадар унинг номи футбол жамоатчилигига эълон қилинмаслигига ваъда берди.

Энг муҳими мутахассис билан якуний тўхтамга келинди ва у Россиядаги мундиалдан сўнг мамлакатимизга ташриф буюради ҳамда Ўзбекистон миллий терма жамоаси бошқарувини расман қўлга олади. Унга қадар эса мамлакатнинг бош жамоаси Ўзбекистон футбол ассоциацияси қошида янги ташкил этилган мураббийлар кенгаши қўл остида ўқув-машғулот йиғинлари ва белгиланган ўртоқлик учрашувларини ўтказади.

Янги бош мураббий олдига Осиё кубоги-2019 да муваффақиятли иштирок этиш ва терма жамоани 2022 йилда Қатарда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига олиб чиқиш вазифаси қўйилади.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Карлуш Кейруш Ўзбекистон терма жамоасини бошқариши маълум бўлганди. Мураббий билан оғзаки келишувга эришилган.

Azamat Murodov
Тайёрлаган Azamat Murodov
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид