Фан-техника | 16:28 / 23.02.2018
11639
2 дақиқада ўқилади

Хитойда товушдан ҳам тез ҳаракатланувчи йўловчи самолёти концепти ишлаб чиқилди

Хитой фанлар академияси муҳандислари Пекин ва Нью-Йорк ўртасидаги масофани атиги 2 соатда босиб ўтиши мумкин бўлган гипертовушли йўловчи самолёти концептини тақдим этишди. Янги самолёт концепти – ҳарбий дастурнинг қўшимча маҳсулотидир. У товушдан ҳам тез ҳаракатланувчи қанотли ракеталарни яратиш бўйича дастурнинг бир қисми бўлди, деб ёзмоқда South China Morning Post.

Лойиҳа раҳбари Цуй Кай сўзларига кўра, самолёт тезлиги 6 минг километр соатни ташкил этади, бу товуш тезлигидан беш баробарга кўпроқдир (1235 км/ч). Бу товушдан ҳам тез ҳаракатланувчи «Конкорд» тезлигидан ҳам бир неча мартага кўп. Назарий жиҳатдан олиб қаралганда, бундай гипертовушли лайнерда Пекиндан Нью-Йоркка парвоз давомийлиги атиги икки соатни ташкил этади – замонавий ҳаво кемаларидан етти баробарга ортиқ.

Фото: East News

Цуй ва унинг жамоаси самолёт моделини аэродинамик қувурда синовдан ўтказди, у Хитойнинг гипертовушли энг янги қурол-яроғлари аэродинамикасини баҳолашда ҳам қўлланган. Тадқиқотчилар самолёт модели тезлигини 8,6 минг километр соатга қадар чиқаришди ҳамда у бундай тезликда ҳам ўзини яхши «ҳис қилишини» аниқлашди. Қанот конструкцияси биплан ёки самолёт-ташувчига ўхшаб кетади, у NASA «шатлларни» учириш учун фойдаланган ускуналарни эслатиб юборади. Хитойлик тадқиқотчиларнинг маълум қилишларича, биплан конструкцияси ҳозирги гипертовушли транспорт воситалари лойиҳаларидан кўра кўпроқ оғир фойдали юкламага бардош бера олади.

Жуда баланд тезликда қанотларнинг иккиламчи қатлами гирдобли ҳолат ва қаршиликни камайтириш учун биргаликда ишлайди, самолётнинг юк кўтариш имкониятини оширади.

Мавзуга оид