Ўзбекистон | 12:39 / 23.02.2018
10059
2 дақиқада ўқилади

Туркманистон Ўзбекистон ёрдамида газ ва электр энергияси етказиб берилишини диверсификация қилади

Фото: Dreamstime

Туркманистоннинг Тошкентдаги элчиси Шири Шириев матбуот анжуманида Ўзбекистон иштирокида амалга оширилаётган иқтисодий лойиҳалар ҳақида айтиб ўтди, дея хабар бермоқда Nuz.uz.

Шири Шириев шундай деди: «Барқарор энергетика соҳасида гап, биринчи навбатда, Туркманистон ва Ўзбекистоннинг минтақада йирик энергетика лойиҳаларини амалга оширишдаги иштироки ҳақида кетмоқда. Улар орасида «Туркманистон-Ўзбекистон-Қозоғистон-Хитой» газ қувури лойиҳаси ҳам бор, унинг қуввати йилига 25 миллиард кубометр газни ташкил этади».

Бундан ташқари, Туркманистон-Ўзбекистон-Тожикистон-Афғонистон-Покистон йўналиши бўйича Марказий ва Жанубий Осиёдан электр энергиясини етказиб бериш лойиҳаси доирасида ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари мавжуд.

Транспорт соҳасида Марказий Осиё, Европа, Яқин Шарқдаги транспорт тизимлари интеграциялашувини таъминлайдиган кучли ва замонавий инфратузилмани яратиш бўйича ҳамкорлик давом этмоқда.

Хусусан, Туркманистон Ўзбекистон-Туркманистон-Каспий денгизи-Жанубий Кавказ йўналиши бўйича Грузия, Туркия, Руминия ва бошқа давлатларнинг Қора денгиз портларига чиқиш йўли бўйича йўлак яратиш устида биргаликда иш олиб боришга тайёр.

Шу муносабат билан Амударё орқали Туркманистон ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудларини боғлайдиган автомобиль ва темир йўл кўприги қурилиши бўйича амалга оширилган иккита йирик лойиҳани таъкидлаш зарур. Автомобиль кўпригининг узунлиги 1600 метр, темир йўл эса 1750 метрни ташкил этади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид