Германиянинг ерости газ ва водород омборлари операторлари бирлашмаси — INES (Initiative Energien Speichern) мамлакатда келаётган қиш мавсумида табиий газ таъминоти билан боғлиқ муаммолар юзага келиши мумкинлигини маълум қилди.

Ташкилотнинг 8 сентябр куни эълон қилинган маълумотларига кўра, сентябрь бошида Германия газ омборлари атиги 53 фоизга тўлган. Бу сўнгги 15 йилда, яъни тегишли статистика юритила бошланганидан бери қайд этилган энг паст кўрсаткичдир.

Таққослаш учун, ўтган йили омборлардаги газ захиралари 53 фоизлик даражага июн ойи охиридаёқ етган, сентябр бошига келиб эса уларнинг тўлганлик даражаси қарийб 71 фоизни ташкил этган.

INES ҳисоб-китобларига кўра, техник жиҳатдан 1 ноябрга қадар Германия газ омборларини тахминан 77 фоизгача тўлдириши мумкин. Бироқ бунинг учун газни омборларга қуйиш суръатини сезиларли даражада ошириш талаб этилади.

Хусусан, қолган икки ой ичида омборларга сўнгги уч ой давомида жами қуйилганидан ҳам кўпроқ газ жойлаштириш керак бўлади.

Совуқ қишда газ етишмаслиги мумкин

Мутахассисларнинг баҳолашича, қиш одатий ҳароратда ўтса, омборларнинг 77 фоизга тўлдирилиши мамлакат эҳтиёжларини таъминлаш учун етарли бўлиши мумкин.

Бироқ қиш 2010 йилдагидек ўта совуқ келса, бундай захира етарли бўлмайди. INES моделлаштиришига кўра, экстремал совуқ сценарийсида газ омборлари январ ойидаёқ кескин камайиб, февраль бошига бориб бутунлай бўшаб қолиши мумкин.

INES раҳбари Себастиан Хайнерман ҳам омборларнинг 77 фоизга тўлдирилиши ўта паст ҳарорат шароитида етарли эмаслигини таъкидлаган. Айни пайтда илиқ ёки одатий совуқ қишда бу миқдордаги захира етарли бўлиши кутилмоқда.

INES Германиядаги табиий газ ва водород омборлари операторларини бирлаштиради. Ташкилот маълумотларига кўра, унинг 17 та аъзоси мамлакатдаги газ сақлаш қувватларининг 90 фоиздан ортиқ қисмини қамраб олади.

Нега газ омборлари секин тўлдирилмоқда?

Германия газ омборларининг аввалги йилларга нисбатан паст даражада тўлдирилаётгани бир неча ойдан бери муҳокама қилинмоқда. INES бу ҳолатни, биринчи навбатда, бозордаги иқтисодий шароит билан изоҳламоқда.

Ҳўрмуз бўғозининг ёпилиши ортидан газ нархлари кўтарилган. Айни вақтда айрим ҳолларда ёзги ва қишки газ нархлари ўртасидаги фарқ манфий кўрсаткичга тушган. Яъни келгуси қиш учун газ нархи ҳозир сотиб олиниб, омборда сақланиши керак бўлган газдан арзонроқ бўлиб қолган.