Фан-техника | 08:32 / 27.02.2018
10422
2 дақиқада ўқилади

Apple учта янги моделдаги смартфон ишлаб чиқармоқчи – Bloomberg

Фото: EPA-EFE/MAHMOUD KHALED

Apple жорий йил охирида учта янги iPhone моделини – аввал чиқарилган айфонларга нисбатан энг катта экранли, iPhone X’нинг янгиланган ва ҳамёнбоп версияларини чиқармоқчи. 

Bloomberg ахборот агентлигининг манбаларга иқтибос келтирган ҳолда маълум қилишича, смартфонлар янгиланган операцион тизим, эҳтимол Siri ёрдамчисининг кенгайтирилган функцияларига эга iOS 12 билан жиҳозланиши мумкин.

Компания шу тариқа айфондан кўп вазифаликни истовчи ва iPhone X’нинг арзонроқ версиясини қидирувчи харидорлар истагини қондирмоқчи. Агентликнинг таъкидлашича, бу режалар ўзгариб қолиши ҳам мумкин. Компания вакили бу борада изоҳлар беришни истамаган.

D33 деб аталаётган катта экранли смартфон бутун олд панелни эгалловчи 6,5 дюймли экран олади. Экран “ажралган экран” функцияси билан таъминланиши эҳтимоли бор. Бундан ташқари, iPhone X’даги каби, бу смартфонда Face ID технологияси қўлланади. Қурилма, шунингдек, 1242x2688 пикселли экран, OLED технологияси олиши мумкин. Cмартфонларда янги A12 процессори қўлланади. 

Катта экранли смартфонни иккита SIM-картани қўллаб-қувватловчи вариантда ишлаб чиқариш имкони кўрилмоқда, бироқ бу борада якуний қарор ҳали қабул қилинмаган. 

Ҳамёнбоп смартфонда Edge-to-Edge экрани бўлади. Уни арзонлаштириш учун LCD-экран, алюмин ҳошиялар ва орқа панелида қора ойна ўрнатилиши тахмин қилинмоқда.

Янги смартфонлар тақдимоти анъанавий равишда кузда бўлиб ўтиши кутилмоқда. 

Мавзуга оид