Жамият | 12:00 / 28.02.2018
31001
4 дақиқада ўқилади

Олий тоифали шифокор: Грипп – «уч-тўрт кунда ўтиб кетадиган» касаллик эмас (видеосуҳбат)

Куз-қиш мавсумида аҳоли ўртасида грипп касаллиги кенг тарқалади. Грипп – ўткир ва тез юқадиган касаллик ҳисобланади. Уни жуда майда, ҳатто фильтрдан ҳам ўтиб кетадиган вируслар келтириб чиқаради. Касаллик келтириб чиқарадиган бу вирусларнинг А,B,C турлари мавжуд. Гриппнинг асосий манбаи касалликка чалинган инсон ёки уни ташувчилар ҳисобланади. KUN.UZ таҳририяти томонидан ўтказилаётган «Соғлом ҳаёт» дастурида ана шу касаллик ҳақида сўз юритилади. Мавзуга яқин саволлар билан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти клиникасининг олий тоифали шифокори Ҳилола Ҳошимовага мурожаат этдик.

- Ўзбекистонда 2017-2018 куз-қиш мавсумида грипп касаллиги билан чалиниш ҳолати ўтган йилнинг шу даврига нисбатан кўпроқ кузатилмоқда. Шуни инобатга олиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Республика бош санитария маркази томонидан гриппнинг профилактикаси юзасидан дастур ишлаб чиқарилди, - дейди Ҳилола Ҳошимова. – Мана шу дастур асосида барча муассасалар, мактаб ва боғчаларда, аҳоли зич тўпланадиган жойларда ҳамда умумий овқатланиш шохобчаларида кенг тарғибот ишлари олиб борилмоқда. 

Ҳар бир киши гриппнинг қандай касаллик эканлигини тушунган ҳолда профлактик тадбирлар олиб бориши керак. Масалан, болалар боғчаларини оладиган бўлсак у ерда фильтр иши тўғри йўлга қўйилган бўлиши лозим. Ота-оналар ўз фарзандларини боғчага олиб боришаётганда ҳамшира ва боғча опа соғлом болани қабул қилиб олиши керак. Агар болада шамоллаш, грипп ва тумов белгилари кузатилса, бу болаларни умумий болалар сафига қўшиш нотўғри бўлади. Мактабларда ҳам худди шу тадбирларни амалга ошириш талаб этилади. Таълим даргоҳларида хонани шамоллатиб туриш тавсия этилади.

Бундан ташқари, жамоат транспортларида ишлайдиган, умуман, жамоат ичида ишлайдиган ходимлар ниқоблардан фойдаланган ҳолда ишлаш талаб этилади. Гриппга жиддий қараш керак. У халқ тили билан айтганда «уч-тўрт кунда ўтиб кетадиган» касаллик эмас. Бу касаллик бронх йўлларига, ўпкага, юракка, мияга ва буйракларга ҳар хил асоратлар беради. Беморларда кўпинча қон томирларининг шикастланиши даражасида турли қон кетишлар ҳам кузатилиши мумкин.

Грипп билан касалланганда асоратларининг олдини олиш учун имкон қадар зарур чора-тадбирларни тезлаштириш керак бўлади. Маҳаллий шифокорлар ва патронаж ҳамширалари уйма-уй юриб, иситмаси бор кишилар билан уларни алоҳида кўрикдан ўтказиб, зарур даволаш ишларини олиб боришлари керак. Грипп аломатлари бошланган беморлар, албатта, ётишлари керак. Уларга керак бўлган миқдорда фойдали суюқликлар, жумладан, витаминларга бой шарбатлар ичиш тавсия этилади. Бу ҳолатда қон айланиши яхшиланиб, вирусдан ажралиб чиқадиган заҳарли моддалар организмдан тезроқ чиқиб кетади.

Биз касалликни юриб ўтказамиз десак, бу ҳолатда юрак, буйрак ва ўпкаларда тез чарчаш ҳолати кузатилади. Ётоқ ҳолатда, яъни тана горизонтал ҳолатда бўлганда бу органларда ўз фаолиятини яхши бажариш имконияти пайдо бўлади.

Суҳбат давомида шифокор Ҳилола Ҳошимова грипп касаллигига чалинган беморлар қандай таомлар истеъмол қилиши лозимлиги, дорилар истеъмоли, беморларни парваришлаш ҳақида ҳам тўхталиб ўтди ва бу касалликдан сақланиш учун ўз маслаҳатларини берди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид