Жаҳон | 08:10 / 28.02.2018
5546
2 дақиқада ўқилади

The Walt Disney Париждаги “Диснейленд”га 2 млрд евро сармоя қилмоқчи 

Фото: Disneylandparis

АҚШнинг The Walt Disney компанияси раҳбарияти Париждаги Disneyland кўнгилочар боғига 2 млрд евро миқдорида кўп йиллик инвестицияни амалга оширмоқчи. AFP ахборот агентлигининг маълум қилишича, ушбу келишув Елисей саройида Франция президенти Эмманюэль Макрон ва The Walt Disney раҳбари Роберт Аллен Айгер учрашуви натижаларига кўра эришилган.

Айгернинг айтишича, “Диснейлендни кенгайтиришнинг янги режаси мажмуа таркибига кирувчи Уолт Дисней студиясини қайта қуришни ўз ичига олади”. Жумладан, унда Marvel комикслари, “Юлдузли жанглар” фильми ва “Қор маликаси” мультфильми қаҳрамонларига бағишланган учта янги тематик зона бўлади.

Disneyland кенгайтирилиши 2021 йилдан бошлаб босқичма-босқич амалга оширилади. Лойиҳа доирасида янги сунъий кўл яратилади, у кўплаб томошалар учун қўлланади.

Компания маълумотларига кўра, Париждаги Disneyland’га 1992 йилдан ҳозиргача 320 млн киши ташриф буюрган бўлиб, унинг ҳисобига Францияда туризмдан олинадиган даромаднинг 6,2 фоизи тўғри келади. Ушбу боғ Европада хусусий сайёҳлик объектлари рўйхатида биринчи ўринда туради.

Париж яқинида 25 йил аввал барпо этилган боғ Дисней шаҳарчаси, тематик ресторанлар, бутиклар ва кинотеатрларни ўз ичига олади. Ҳаммаси бўлиб боғда 59 та аттракцион, 63 та бутик ва 55 та ресторан бор.

Кўнгилочар боғнинг молиявий ҳолати бир неча йил аввал ҳавас қилса арзигулик эмасди, 2016 йилда унинг қарзи 1 млрд долларни ташкил қилган. AFP маълумотларига кўра, 2016-2017 молиявий йилда Disneyland’нинг молиявий ҳолати яхшилана бошланган. 

Мавзуга оид