Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштиришни молиялаштириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эълон қилинди.
Ушбу қарор бозор муносабатларини кенг жорий этиш ҳамда қишлоқ хўжалигида молиялаштириш ва ўзаро ҳисоб-китоблар механизмларини тубдан такомиллаштириш, шу асосда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар ва уларга хизмат кўрсатувчи корхоналарнинг молиявий-иқтисодий ҳолатини яхшилаш, рентабеллигини ошириш, етиштирилаётган маҳсулот ҳажмлари барқарор ўсишини таъминлаш мақсадида қабул қилинган.
Қарорга кўра, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, «Ўзпахтасаноат» акциядорлик жамияти ва «Ўздонмаҳсулот» акциядорлик компаниясининг 2018 йил 1 мартдан бошлаб ишлаб чиқарувчиларнинг рентабеллиги ошишини ва юқори сифатли маҳсулотлар етиштиришни рағбатлантиришни таъминлайдиган навлар ва класслар бўйича пахта хом ашёси ва бошоқли дон хариди юзасидан кафолатланган давлат нархларини белгилаш, шунингдек, тупроқ унумдорлиги паст ва охирги 3 йил мобайнида ҳосилдорлик гектарига 15 центнергача бўлган ерларда пахта хом ашёсига давлат буюртмасини жойлаштирмаслик тўғрисидаги таклифлари маъқулланади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликларининг таклифлари асосида ушбу бандга мувофиқ бўшайдиган ерларда қишлоқ хўжалиги экинларини, энг аввало, озуқа ва мойли экинларни жойлаштириш, мева-сабзавотчилик ва чорвачилик лойиҳаларини амалга ошириш тўғрисида икки ҳафта муддатда Ҳукумат қарорини қабул қилади.
Қарор билан
- пахта хом ашёси ва бошоқли дон учун узил-кесил ҳисоб-китоблар ҳосил йиғиштириладиган йилнинг охиригача тўлиқ ҳажмда амалга оширилади;
- қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларга ва автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларига тўғридан-тўғри шартномалар бўйича сотиш учун дизель ёқилғиси ва ЭКО дизель ёқилғисининг Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган ягона чакана нархлари 2018 йил охиригача бўлган даврда амал қилади;
- минерал ўғитларни сотиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган алоҳида шартлар ҳисобга олинган ҳолда биржа савдоларида амалга оширилади;
















