Жамият | 12:37 / 06.03.2018
17623
3 дақиқада ўқилади

Яхшилар кўмагида саккиз яшар қиз ўз юрагида мураккаб жарроҳлик амалиётини ўтказди

Фото: KUN.UZ

Сониялар ортидан дақиқалар, дақиқалар ортидан соатлар, соатлар ортидан кунлар келаверади, кетаверади. Биз эса кун ташвиши, орзу-ниятлар ортидан чопаверамиз, бир зум бўлса-да тинмаймиз. Умримиз сўнгида эса ўзимиз ўзимиз сарҳисоб қилаверамиз. Ана шу дамларда бизга умид берувчи куч – яхшиликларимиздир. 

KUN.UZ сайти орқали Самарқанд вилоятининг Ургут туманида яшовчи фуқародан келган мурожаат асосида хайрия акцияси эълон қилинган эди. Унда тумандаги “Ўроқбўйжар” МФЙда яшовчи Лайло Андақулованинг тўққиз ёшли фарзанди Фарида Тўхтамишеванинг юрак хасталигига чалингани баён этилган. 

Ургутлик 9 ёшли Тўхтамишева Фариданинг юрагини операция қилиш учун ёрдам керак, яхшилар!

Мақола эълон қилингач, юрак паромининг оғир формаси билан хасталанган қизалоққа яхшилик қилувчилар сони кўпайди. Унинг шифо топиб, соғлом ҳаётга қайтишини истаганлар топилди. Фариданинг операцияси учун зарур бўлган бўлган пул миқдори йиғилди. Биз қизалоқдан ҳол-аҳвол сўраш учун пойтахтда жойлашган академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий хирургия марказига йўл олдик. У ерда саломатлиги яхши, кўзларида кулгу ўйнаб турган Фаридани учратдик.

- Катта бўлсам шифокор бўламан, - дейди қизалоқ. – Касал бўлиб қолганларга ёрдам бераман. 

Фото: KUN.UZ

- Бемор Тўхамишева Фарида 8 ёшда. 2018 йилнинг 7 февраль куни шифохонамизнинг туғма нуқсонли юраклар бўлимига тез чарчаш, хансираш, кўкариш ҳолатлари билан ётқизилди. Қизчанинг юрагида тўртта нуқсони бор деб ташхис қўйилди. Бу мураккаб нуқсони бор юрак ҳисобланади. биз Фаридани операция қилдик. Айни дамда қизчанинг ҳолати яхши, - деди биз билан суҳбатда шифокор Умид Муродов. 

Фото: KUN.UZ

Фариданинг онаси Лайло опа шундай дейди: “Мен, ҳаётдан совуган инсон эдим. Аммо дунёда шундай яхши инсонлар борлигини кўриб, фикрим ўзгарди, ҳаётга бўлган қарашим янгиланди. Қизимга ёрдам қўлини чўзган барчадан миннатдорман. Бизга бор эътиборлари билан қараган барча шифокорларга ҳам ўз миннатдорлигимни билдираман”.

Фото: KUN.UZ

Зулматдан сўнг, албатта, тонг отади. Хайрли ишларда бардавом бўлайлик, чунки бу бизнинг бутун борлиқдаги ягона ажралиб тургувчи фазилатимиздир.

Мавзуга оид