Жамият | 02:13 / 06.03.2018
200902
5 дақиқада ўқилади

Қизини калтаклаган отага суд ҳукми ўқилди: аслида воқеага нима сабаб бўлган?

Фото: KUN.UZ

5 март куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Чилонзор туман судининг очиқ суд мажлисида Хуршид Абдураҳмоновга нисбатан суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда KUN.UZ мухбири хабар беради.

Дастлаб, «Учбурчак» кўрсатувида, кейинчалик ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган видеолавҳада ота ўз қизини калтаклагани тасвирланганди. Маълум бўлишича, Тошкент шаҳар ИИББга қарашли «Қўриқлаш 6-алоҳида батальони» собиқ ходими Хуршид Абдураҳмонов ушбу жиноятни содир этгани суд томонидан аниқланган. Абдураҳмонов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисмининг «а,в» бандлари, 139-моддаси 3-қисмининг «г» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилди. Унга нисбатан қўзғатилган жиноят ишида юқорида санаб ўтилган моддалардан ташқари, ЖКнинг 140-моддаси 2-қисми ва 130-моддаси 2-қисмининг «а» банди билан айблов эълон қилинганди. Бироқ судда ЖКнинг 140-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноят таркиби топилмаган, шунингдек, Абдураҳмонов ЖКнинг 130-моддаси 2-қисмининг «а» банди билан айбсиз деб топилган. Унга нисбатан жиноят ишини бу қисми ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан тугатилди. 

Абдураҳмоновга нисбатан узил-кесил ўташ учун 6 ойга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Судья Дилмурод Валиев ҳукмни ўқиб таништираркан, жазони ўташ муддати 2017 йил 13 ноябрдан, яъни Хуршид Абдураҳмонов эҳтиёт чора сифатида қамоқда сақланаётган даврдан бошлаб ҳисобланишини таъкидлаб ўтди. Демак, Абдураҳмонов суд ҳукми ўз кучига кирган пайтдан бошлаб, икки ой ўтиб ўз оиласига қайтиши мумкин.

KUN.UZ мухбири билан суҳбатлашган Абдураҳмоновнинг яқин қариндошини айтишича, Хуршид қизига нисбатан оталик ҳуқуқидан маҳрум этилган.

«Учтепа туман ҳокимияти ҳузуридаги Васийлик масалалари бўйича фаолият олиб борувчи Хақназар исмли йигит барчасига бирдан нуқта қўйди: биртарафлама ўрганилган ишда Хуршид оталик ҳуқуқидан маҳрум этилди. Ўғли эса онаси билан кетишни истамаяпти. МИБ ходимлари ҳам бунга мажбурлай олмади. Қизини эмизикли пайтидан боқиб, тарбия қилиб келаман. У отасини суд мажлисида кўриб, роса додлаб йиғлади», дейди у.

Абдураҳмоновнинг яқин қариндоши «ота қизини ургани»га нима сабаб бўлганини изоҳлаб ўтди.

«Келинимиз опасининг қистови билан 2015 йил май ойида тижорат мақсадида Туркияга борди. Ўша йили 23 сентябрь куни икки ёшли қизалоқни бегона шахсга ташлаб кетган она ўғлини ҳам унутганди. Бунинг устига у Хуршидга фаҳш аралаш суратларини юборган. Аламзада бўлиб, хотинини Ўзбекистонга қайтишини истаган Хуршид қизини калтаклаган. У ўз ҳаракатларини англамаган. 2017 йилдагина қайтиб келган келинимизни ўз қизи ҳам танимади», деб сўзлаб беради у.

Шунингдек, KUN.UZ мухбири судланувчи Хуршид Абдураҳмонов билан суд биносида суҳбатлашди.

«Мен қизимни калтаклаганимни тан оламан, хотинимни қайтариш учун лавҳани унга юборганман. Ўзингиз гувоҳи бўлганингиздек, Туркияда унинг турли айш ишлар билан шуғулланиб юргани билан ҳеч кимнинг иши бўлмади. Қизимни мендан ноҳақ тортиб олишди ва ахлоқи бузуқ аёлнинг қўлига топширишди», дейди судланувчи.

Kun.uz мухбири Абдурахмоновнинг собиқ хотини тасвирланган ҳаёсиз суратлар билан танишиб чиққач, Абдураҳмоновнинг 7-синфда таҳсил олаётган ўғли билан суҳбатлашди. Бола кўзларига ёш олиб, онаси уни бегона уйда қолдириб кетганини эслади.

«Мен онамга қайтмайман. У мени шунчалар хўрлаганки, бундай руҳий изтиробни қайтадан бошдан кечириш ниятим йўқ. 16 май куни туғилган куним, шу кунга қадар отам уйда бўлади. Синглимни ҳам олиб келамиз, биз энди ўзимиз яшайверамиз», дейди Абдураҳмоновнинг 14 ёшли ўғли.

Суд мажлисига тўпланган Абдураҳмоновнинг қариндошлари «Учбурчак» кўрсатувида барча воқеалар биртарафлама акс эттирилгани, аслида аёлнинг Туркияда нима ишлар қилиб юргани, фарзандларининг интервьюси эфирдан узиб қўйилганини иддао қилди.

 

Мавзуга оид