Бугун Европа Чемпионлар Лигаси нимчорак финалида жавоб ўйинлари бошланади. «ПСЖ» ўз майдонида «Реал»ни қабул қилса, «Ливерпуль» «Порту»га мезбонлик қилади. Инглизлар дастлабки ўйиндаги йирик ҳисоб туфайли, кейинги босқич масаласини амалда ҳал қилишган. Ўша ўйинга алоқадор фақат бир нарсани айтиш мумкин – Юрген Клопп бу ўйинга барча асосий футболчиларини туширишга ваъда берган. «Ливерпуль» шанба куни «Олд Траффорд»га сафар қилиши ҳам, бугунги ўйин аслида шунчаки расмиятчилик мақомида экани ҳам немис мураббийига аҳамиятли эмас, «Ливерпуль» ўз мухлислари учун ўйнашда давом этади.
Эътиборингизга, нафақат куннинг, турнирнинг марказий тўқнашуви ҳақидаги мулоҳазаларни ҳавола қиламиз.
ИСПАН-ФРАНЦУЗ ТЎҚНАШУВИ
Тақдир хазилини қарангки, ЕЧЛ нинг марказий ўйинларидан бирида испан жамоаси француз мураббийи қўл остида, француз жамоаси эса, испан мураббийи қўл остида курашга киришишган.

Ҳар икки жамоанинг ички чемпионатдаги ҳолати солиштирилса, таъқибчилардан жуда катта фарқда ўзиб кетган «ПСЖ» ва «Барселона»дан 15 очко ортда қолиб, чемпионликдан умидини узган «Реал»нинг ҳолати бутунлай фарқли кўринса-да, аслида ўхшашликлар бор. Умумийлик шундаки, Унаи Эмери учун ҳам, Зайниддин Зидан учун ҳам бу тўқнашув мавсумни қутқариб қолиш учун охирги имкониятлардан биринчисидир.
Ҳа, ростан ҳам, агар Эмери «ПСЖ»ни Европа Чемпионлар Лигасида сўнгги босқичларгача олиб бора олмаса, Франциядаги барча совринларни ютишидан қатъи назар, мавсумни ёмон якунлаган бўлиб чиқади. Чунки шундоқ ҳам, «ПСЖ» француз жамоаларига нисбатан бир неча баробар кўпроқ молиявий имкониятларга эга ва ўтган ёзда Неймар, Мбаппе каби топ-футболчиларни ҳам ўз сафига қўшиб олди. Буларнинг ҳаммаси айнан Европанинг энг катта турнирида ғалаба қозониш бўлгани ва мураббийга бундан кам вазифа қўйилмаслиги турган гап.
Мадрид муҳитини яхши биладиган мухлис эса, Зиданга ҳам ҳавас қилмаётган бўлса керак. Бу ерда ҳар қанча совринларни ютинг, фарқи йўқ, сиз охирги ўйинда, охирги мавсумда, яъни ҳозир ёмон аҳволдамисиз, демак сизни кечиришмайди. Зайниддин Зидан қисқа вақт ичида «Реал» тарихида ўчмас из қолдирди, қаторасига икки марта Чемпионлар Лигасини ютди, Испания чемпиони бўлди, аммо ҳозир истеъфо ёқасида турибди. Ла Лига ва Испания кубоги учун даъвогарликдан чиқиб кетиб бўлган «Реал» учун ягона юпанч айнан мана шу турнир экани ҳеч кимга сир эмас.
Демак, айтиш мумкинки, бугунги ўйин айниқса, бош мураббийларинг кейинги мавсумни жамоада қолиш ёки қолмасликларини ҳам ҳал бўлади бугун. Ҳеч шубҳасиз айтиш мумкинки, бугунинг ўзида улардан бирини ёзда истеъфога чиқиши аниқ бўлади.






















