Франция президенти Эмманюэль Макрон АҚШ президенти Дональд Трамп билан суҳбатда АҚШ томонидан Европадан импорт қилинувчи пўлат ва алюминийга бож тўловлари киритилишидан жиддий хавотир билдириб, савдо чекловларидан барча ютқазишини айтган.
“Президент халқаро савдонинг умумий қоидалари мустаҳкамланиши ва уларнинг самарали қўлланиши муҳимлигини таъкидлаб ўтган”, деб айтилган Макрон маъмуриятининг баёнотида.
Макроннинг айтишича, “АҚШ барча давлатлар зарар кўрадиган савдо урушини бошлаши мумкин”. Унинг таъкидлашича, “Европа халқаро савдо қоидаларига зид келувчи исталган амалиётга аниқ ва мутаносиб жавоб беради”.
Трамп 8 март куни пўлат ва алюминий маҳсулотлари импортига бож тўловлари киритилиши ҳақидаги фармонни имзолади. Унинг таъкидлашича, бир қатор давлатлар, жумладан, Канада, Мексика ва Австралия ушбу тўловлардан озод этилиши мумкин.








