Бугун, 9 март куни эрталаб Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев илк давлат ташрифи билан Тожикистон Республикаси пойтахти Душанбе шаҳрига учиб кетди. Kun.uz Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот хизмати, Тожикистон Республикаси Президентининг матбуот хизмати, шунингдек бошқа оммавий ахборот воситалари томонидан кун бўйи эълон қилинган хабар ва янгиликлар асосида воқеа тафсилотларини тақдим этади.
Душанбе шаҳридаги халқаро аэропортда Шавкат Мирзиёевни қўшни давлат раҳбари Имомали Раҳмон, шунингдек, ҳукуматнинг бошқа аъзолари кутиб олишди. Икки давлат раҳбарлари фахрий қоровул ортидан ўтишди.


Шундан сўнг президентлар Тожикистон раҳбарининг қароргоҳи — «Қасри миллат» саройига йўл олишди. Қароргоҳда Ўзбекистон Республикаси Президентини расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди, давлат мадҳиялари янгради.

Маросимдан сўнг Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмон яккама-якка музокара ўтказди.
Музокараларда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий, транспорт-коммуникация, сув-энергетика, туризм, маданий-гуманитар соҳаларда ва ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш, фуқароларнинг ўзаро қатнови учун қулайликларни ошириш масалалари муҳокама этилди.
Икки мамлакат ҳукуматларига ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва унинг таркибини диверсификация қилиш масалаларини ўрганиш топширилди. Фойдаланилмаётган захираларни ишга солиш бўйича таклифлар ўртага ташланди, турли қўшма ишчи гуруҳлар ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ва Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев «бир плюс бир» шаклидаги учрашув бошланишидан аввал матбуот учун қисқача баёнот берди.
«Тожикистон-Ўзбекистон муносабатлари яқин вақт ичида стратегик шериклик даражасига чиқади. Тошкент Душанбе билан муносабатларни барча йўналишларда изчил ривожлантириб боради», — дея айтиб ўтди Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон музокараларни кенгайтирилган таркибда давом эттиришди.




















