Юртимизда туризмни ривожлантириш бўйича кейинги ойларда жуда юксак эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ички туризмни ривожлантириш, юртдошларимизга мамлакатимизнинг қадимий тарихидан сўзловчи даргоҳлар билан яқиндан танишиш учун бир қатор енгилликлар ва имтиёзлар яратилаётганига барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз.
Шундай гўшалар борки, уларнинг ёнидан ҳар куни, ҳар замон ўтамиз. Лекин эътибор бермаймиз, тарихидан бехабармиз. Аслида, у ерларда буюк тарихимиз, маънавиятимиз, қадриятларимиз яширин бўлади.
Kun.uz Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида жойлашган ана шундай қадимий масканлардан бири — Ахси шаҳри ҳақида ўз ўқувчиларига ҳикоя қилиб беришни ният қилиб, ушбу масканга борди.
Қадимшунос олимлар томонидан «Фарғона Афросиёби», дея таъриф берилиб, Ахси ёки Ахсикент номи билан аталувчи кўҳна шаҳар харобалари бугунги кунда Тўрақўрғон туманидаги Шаҳанд ва Гулқишлоқ қишлоқлари орасида, Сирдарёнинг шимолида дўнгтепаликлар кўринишида ястаниб ётибди. Мазкур Эски Ахси манзилгоҳи Фарғона водийсидаги энг йирик археологик ёдгорлик ҳисобланади.
Манзилгоҳни қазиб ўрганган қадимшунос олимлар моддий – ашёвий далиллар ва энг кўҳна ёзма хитой манбаларига таянган ҳолда, шаҳарнинг пайдо бўлишини тахминан милоддан аввалги III асрларга тўғри келиши маълумотини беришган.

Ахсикентнинг археологик жиҳатдан ўрганилиши 1885 йилдан бошланган. Дастлаб, Петербург университетининг профессори, таниқли археолог ва шарқшунос Н.Веселовский иш олиб борган. 1913 йилда И.Кастанье томонидан навбатдаги қазишма ва тадқиқ ишлари ўтказилди. 1939 йилда Катта Фарғона канали қурилиши даврида профессор М.Массон бу ерда археологик разведка ишлари билан шуғулланди. 1960 йилдан эса Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги Яҳё Ғуломов бошчилигида мутахассислар Ахсикентда археологик қазишма ишларини амалга оширишди.
Ўзбекистон Республикаси ФА Археология институти катта илмий ходими, тарих фанлари доктори А.Анорбоев Ахсикентда узоқ йиллар давомида илмий тадқиқот ва қазишма ишларини олиб бориши натижасида кўплаб илмий мақола ва рисолалар чоп этди.

Олим Эски Ахси манзилгоҳи қадимги Хитой тарихий манбаларида кўрсатиб ўтилган Даван (Фарғона) давлатининг пойтахти бўлганини илмий жиҳатдан исботлаб берди.



















