Февраль ойидаги котировкаларнинг қулаши жаҳон фонд бозорларидан 4 триллион долларни йўқ қилди, бироқ Миллий баскетбол ассоциацияси (МБА) жамоалари бундан жабрланди, деб ўйламанг. Forbes МБАнинг энг йирик телешартномаси, Хитойга экспансия ва янги реклама лойиҳалари - дунёнинг асосий баскетбол лигаси қандай пул топаётганига доир мақоласини тақдим этди.
2018 йилда франшизанинг ўртача нархи рекорд даражадаги 1,65 миллиард долларга етди, бу ўтган йилги рақамларга қараганда 22 фоизга кўпдир. Сўнгги 5 йилда эса МБА жамоаси нархи уч бараварга қимматлашди. Тарихда биринчи марта ҳар бир жамоа (улар жами - 30 та) 1 миллиард долларга баҳоланмоқда. МБА иқтисодиёти жойида, унинг халқаро истиқболлари эса Американинг бошқа спорт лигаларига қараганда ижобий кўриниш олган.
Энди МБА франшизаси Миллий футбол лигаси(МФЛ)дан қимматга баҳоланувчи дунё ақлдан озган кишининг сафасатаси эмаслиги аён. Сармоячиларнинг фикрича, баскетбол лигаси чет элда ўсиш учун катта салоҳиятга эга - АҚШдан ташқарида МБА даромадлари йил сайин ошиб бормоқда, эътиборли томони - ўсиш кўрсаткичлари шунчаки микрофоизларга эмас.
Ҳа, МФЛ франшизасининг ўртача қиймати 2,5 миллиард долларни ташкил қилади, бу баскетбол кўрсаткичларидан 52 фоизга кўпдир, бироқ сўнгги беш йилда орадаги фарқ икки баравардан кўпроққа қисқарди. «Бруклин Нетс» ва «Хьюстон Рокетс» ўртасидаги шартномалар МБА жамоаларини саккиз баробар йиллик даромадга баҳоламоқда, МФЛ франшизалари қиймати эса - олти баробарга яқинроқ.
"МБА халқаро ўсиш учун ажойиб позицияларга эга, - деб ҳисоблайди Galatioto Sports Partners молиявий-консалтинг компанияси раҳбари Сэл Галатиото. - Лига ажойиб маҳсулотни таклиф қилмоқда, баскетболга бўлган қизиқиш эса бутун дунё бўйлаб ўсишда давом этмоқда".
Масалан, Хитойда 300 миллионга яқин киши баскетбол ўйнайди. 2015 йилда МБА маҳаллий Tencent компанияси (мамлакатдаги машҳур мессенжерлар ва ижтимоий тармоқ эгаси) билан ўз платформаларида лига ўйинлари ва бошқа контентларни намойиш қилишга доир беш йиллик шартномани имзолаган. Келишув МБАга 800 миллион доллардан ортиқ даромад келтириши керак, ҳамкорликни давом эттиришга доир музокаралар эса бошланиб бўлган. Лига Хитойда 34 медиа ва маркетинг-ҳамкорга эга, шунингдек ижтимоий тармоқлардаги фойдаланувчилари сони - 144 миллион - бу бошқа ҳар қандай спорт турига нисбатан кўп.
МБА 10 йил илгари NBA China лойиҳасини йўлга қўйганди, энди эса у 4 миллиард доллардан ортиққа баҳоланади. Лига комиссар ўринбосари Марк Татум бу борада шундай дейди: "Биз бизнеснинг барча жабҳаларида - у хоҳ контентни кенгайтириш бўладими, ҳомийликми ёки мерчандайзинг - ўсиш кўрсаткичларини намойиш қилмоқдамиз".
















