1993 йил, апрел. Миллий баскетбол ассоциацияси мунтазам лигасидаги навбатдаги ўйини бўлиб ўтмоқда. Танаффус пайтида қизиқарли танлов ўтказади. Унга кўра, хоҳловчилар майдон четидан тўп ирғитиб, нариги томондаги саватчага тушириши керак эди. Бир йигит шу ишни уддалайди. Бироқ ютуқни тўлаши лозим бўлган суғурта компанияси ғирромлик қилади ва пулларини беришдан бош тортади. Охир оқибат йигитга ютуқни “Chicago bulls” жамоаси тўлаб беради.

Бугун АҚШ спортини баскетбол ўйинисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бу спорт тури мухлислар ташрифи бўйича Америка футболи ва бейсболдан сўнг учинчи ўринда туради.

Баскетбол АҚШда энг кўп ўйналадиган ўйин ҳисобланади ва  билан мамлакатда 26 миллиондан ортиқ одам шуғулланади.

Шунингдек, АҚШ ва Канада жамоалари иштирок этадиан Миллий баскетбол ассоциацияси лигаси дунё миқёсида энг кўп томоша қилинадиган турнир ҳисобланади.

Жамоавий ўйналадиган бошқа спорт турларида бўлгани каби АҚШда бўлиб ўтадиган баскетбол ўйинлари жуда қизиқарли ва кескин курашлар остида кечади.

Шу билан бирга танаффус пайтларида залдаги мухлислар учун турли танловлар ўтказилади ва ўйинлар қизиқарли шоуга айланади.

1993 йилда ана шундай танловларнинг бири можаро билан якун топади. “Chicago bulls” жамоасига ҳомийлик қилувчи компания мукофот учун ваъда қилинган 1 млн долларни ғолиб йигит Дон Кэлҳунга тўлаб беришдан бош тортади.

Фото: sports.qq.com

Миллион долларлик аниқ зарба

1993 йил 14 апрел. Чикаго шаҳридаги аренада МБА мунтазам лигасида иштирок этувчи “Chicago bulls” ва “Miami Heat” жамоалари беллашмоқда.

Ўша пайтда АҚШлик жаҳонга машҳур баскетболчи Майкл Жордан “Chicago bulls” жамоаси шарафини ҳимоя қилар ва у ҳам майдонда эди.

Ўйинга танаффус берилган пайтда “Chicago bulls” жамоаси, “Кока-кола” компанияси Lettuce Entertain You ресторанлар тармоғидан иборат ташкилотчилар ютуқли танлов ўтказади.

Танловга кўра, аввал мухлислар орасидан тасодифий йўл билан бир неча киши танлаб олинади. Сўнг улар навбати билан баскетбол майдонининг бир четидан, иккинчи четидаги саватчага тўпни улоқтириши керак эди.