АҚШ президенти Дональд Трамп Рекс Тиллерсонни Давлат департаменти раҳбарлигидан олди ва унинг ўрнига Марказий разведка бошқармаси собиқ директори Майкл Ричард «Майк» Помпео тайинлади.
«МРБ директори Майкл Помпео бизнинг янги давлат котибимиз бўлди. У янги лавозимида фантастик даражада ишлайди!», дея ёзди Трамп. Помпео ўзидан аввалги Рекс Тиллерсон каби дипломатик лавозимда барчасини нолдан бошлайди, унда бу соҳада тажриба йўқ, аммо у собиқ давлат котибидан фарқли равишда Вашингтонда махфий хизматларда тўпланган кўп йиллик тажриба бор. Қуйида АҚШнинг эндиликда ташқи сиёсатидаги асосий шахсининг биографияси, сиёсий йўли ва қарашлари тўғрисидаги маълумотлар келтирилади.
ГДР чегараларидан Калифорниягача
Майкл Помпео 1963 йилнинг 30 декабрида Калифорния штатининг Оринж шаҳарчасида дунёга келган. У қўшни Санта-Ама шаҳарчасидаги «Лос-Амигос» мактабида ўқиган. 19 ёшида у Нью-Йорк штати, Вест-Пойнтдаги ҳарбий академияга ҳужжат топшириб, ўқишга киради. 1986 йили Помпео 973 нафар битирувчи орасида машинасозлик борасида энг яхши даражали талаба бўлади.
Ҳарбий академияни тамомлаганидан кейин Помпео ҳарбий хизматга кетади ва 5 йилини армияда, Германия Федератив республикасининг Германия Демократик республикаси билан чегара ҳудудида ўтказади. 1991 йили капитан Помпео армиядан кетади.
Ҳарварддан космик саноатга
Армиядаги хизматдан қайтиб келгач, Помпео дунёнинг энг нуфузли олийгоҳларидан бири бўлмиш — Ҳарвард университетига ўқишга киради. 1994 йили у юридик фанлар доктори даражасини олади. Таҳсил чоғида у Harvard Law Review журналида муҳаррир бўлиб ишлайди. Кейинги икки ярим йилни Помпео Колумбия округи, Вашингтон шаҳридаги Williams & Connolly юридик фирмасидаги ишига бағишлайди.
34 ёшида у авиация, мудофаа ва космик саноат учун қисмлар ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган Thayer Aerospace & Private Security компаниясига асос солади. Компанияда у 2006 йилгача ишлайди, кейин ўз улушини Thayer га сотиб, нефть қазиб олиш учун жиҳозлар ишлаб чиқарувчи Sentry International компанияси президенти сифатида иш бошлайди. 2010 йилда эса у сиёсатга қадам қўйди — Канзас штатидан Вакиллар палатасига сайланади. Ўшандан буён у 4 марта Конгрессдаги сайловларда ғолиб чиқди ва ультраконсерваторлар қанотининг кўзга кўринган вакилларидан бирига айланди.
Конгрессдан МРБга
2010 йилда ҳеч қандай сиёсий фаолият тажрибасига эга бўлмаган Помпео аввалига Республикачилар партиясида праймеризда ғолиб чиқишга муваффақ бўлади, кейинроқ Канзас штатида 4-сайлов округида 58,8 фоиз сайловчининг ишончини қозониб, Вакиллар палатасига сайланади.















