09:31 / 14.03.2018
14569

Энди четга нақд валюта олиб чиқиш учун рухсатномани вилоят марказларида олиш мумкин

Фото: ©Ярослав Радловский

«Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан жисмоний шахслар-резидентларга нақд хорижий валютани Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига олиб чиқишга рухсатномалар бериш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг қарори қабул қилинди.

Мазкур ҳужжатга кўра, жисмоний шахсларга нақд хорижий валютани Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига олиб чиқишга рухсатномалар бериш тартиби соддалаштирилди.

Низомга киритилган ўзгартиришлар ортидан ўрнатилган янги тартибга мувофиқ, жисмоний шахслар — резидентлар томонидан 5000 АҚШ доллари эквиваленти миқдоридан ошган нақд хорижий валютани Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига олиб чиқиш учун рухсатнома Марказий банкнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Бош бошқармалари томонидан берилади.

Бунга қадар мазкур рухсатнома фақатгина Марказий банк томонидан берилар эди.

Эндиликда рухсатнома олиш учун жисмоний шахслар Марказий банкнинг ҳудудий Бош бошқармасига тегишли ҳужжатларни топширади.

09006-1-сон шакл рухсатнома қатъий ҳисобот бланки ҳисобланиб Марказий банкнинг тегишли ҳудудий Бош бошқармаси буюртмаси бўйича «Давлат белгиси» ДИЧБда тайёрланади ва зарур ҳимоялаш даражаларига эга бўлади. Бунда ҳар бир бланк ягона серия ва тартиб рақамига эга бўлган икки нусхадан ташкил топади.

Адлия вазирлигининг ҳуқуқий ахборот каналида келтирилган маълумотларга кўра, рухсатнома олиш учун нақд хорижий валюта келиб чиқишининг манбасини тасдиқловчи ҳужжатларга ҳам аниқлик киритилган, чунончи:

  • илгари нақд хорижий валюта сотиб олинганлигини тасдиқловчи банк маълумотномаси;
  • ёки жисмоний шахснинг банкда очилган ҳисобварақларига хориждан келиб тушган валюта маблағларини ечилганлигини тасдиқловчи банк маълумотномаси;
  • ёки нақд хорижий валютани хорижий давлатлардан олиб келганлигини тасдиқловчи божхона декларацияси тақдим этилади.

Рухсатноманинг расмийлаштирилиши ва берилиши учун жисмоний шахслардан ҳеч қандай тўлов ундирилмайди.

Top