Ҳар хил ўйинлар бўлади, мисол учун, мағлуб томон ҳақида фикр билдирганда, балки мана бу вазиятни голга айлантирганда, балки мана бу ерда омади келганда ўйин бошқача якунланиши мумкин эканини айтамиз. Шунчаки ўйин сценарийси панд берган бўлади, бошқача жараёнда балки бошқача натижа имкони мавжудлигини билиб турамиз. Яъни, агар «Манчестер Сити»га қарши ўйнаётган «Базель» бўлмасангиз, ҳар қандай ЕЧЛ плей-офф ўйинида, ҳар икки жамоада ғалаба учун имконият бўлади. Аммо, агар «Манчестер Юнайтед» «Севилья» билан ўйинда ютиш учун бирор нима қилдими, деб сўралса, бемалол «йўқ», деб жавоб бериш мумкин. Бир қатор омиллар туфайли, Манчестер жамоаси ҳар томонлама ўзидан кучсиз саналган ва Испанияда муаммоларга дуч келаётган «Севилья»га қарши ҳеч нарса қила олмади.

ЭКСПЕРИМЕНТЛАР
«Бундай футболчиларни сотиб олиш имконияти бўлса, фойдаланиш керак» – деганди, аслида қишки трансферларни ёқтирмайдиган Жозе Моуриньо Алексис Санчес ҳақида. Санчес каби футболчиларнинг янги жамоага мослашишлари, шу билан бирга, жамоанинг Санчесга мослашиши осон кечмаяпти. Кечаги ўйиннинг айнан шу экспериментлар даврига тўғри келгани ҳам «МЮ» зарарига ишлади.

Моуриньо доим майдонга энг яхшиларни тушириши ва яхши натижа бераётган таркибда у қадар ротация қилмаслиги билан танилган. Аммо ҳозир у ўз принципларига қарши бормоқда. Чап қанотда Рэшфорд ва Марсиялнинг ўзаро рақобати етмагандек, Санчесни ҳам ўша ерда синашга ва ёш ҳужумчиларни бошқа позицияларга «ҳайдаш»га мажбур бўлиняпти.

Фото: Twitter

Энг ёмони, бу чуқурга билиб туриб бир неча маротаба тушилаётганидир. «Тоттенҳэм» билан ўйинни аввалги ўйинларда яхши формага кириб олган Марсиял Санчес туфайли  ўнг қанотда бошлаганди ва 2-бўлимда яна чап қанотга қайтарилганди. Моуриньо учун бу етарли бўлмади, «Ньюкасл»да ҳам экспериментлар давом этди. «Челси» билан ўйинда чап қанотда Рэшфорд мавсумдаги ўзининг энг яхши ўйинларидан бирини ўтказгач, ниҳоят Моуриньо барчасини тушунганини тахмин қилгандик. Лекин, йўқ, «Севилья» билан ўйинда Санчес яна чап қанотда, Рэшфорд эса, самарадорлиги сезиларли тушиб кетадиган ўнг қанотга ўтказиб юборилди. Санчесга ўзи ёқтирган позициясида ўйнатиш учун, ишлаб турган системани бузиш тўғри эдими?

Поль Погба ёки Мактомини ҳақида ҳам шу гап. Моуриньо Мактоминини «Челси» ва «Ливерпуль» билан ўйинлардаги ажойиб ҳаракати учун мақтади, аммо ЕЧЛ ўйинида кечагина тикланган Феллайнини танлади. Захирада қолган Погба эса, иккинчи бўлимда ҳужумни кучайтириш учун туширилди, аммо у доим фойдалироқ бўладиган олдинги чизиққа эмас, айнан Феллайнининг ўрнига.