Ўзбекистон Республикаси президенти “Психиатрия ёрдами кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилган.

Ҳужжат қайд этилишича, психиатрия ёрдами кўрсатиш соҳасидаги ишлар ҳолатини комплекс ўрганиш ақлий ривожланишдаги бузилишнинг сабаблари ва шарт-шароитларини эрта аниқлашга, тиббий хизматларнинг сифатига салбий таъсир қилувчи қатор тизимли камчилик ва муаммолар мавжудлигини аниқлади.

Қарор билан аҳолига психиатрия ёрдами кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:

даволаш, профилактика ишлари ва руҳий ҳолатнинг бузилишини эрта аниқлашни ташкил этишнинг вертикал яхлит тизимини шакллантиришни таъминлаш орқали психиатрия ёрдами кўрсатиш тизимини самарали бошқариш механизмини жорий этиш;

мамлакатнинг ҳар бир аҳоли пунктида аҳолининг барча тоифалари, айниқса, болалар ва ўсмирлар учун сифатли ва қулай психиатрия ёрдами таъминлаш, шунингдек, руҳий ҳолати бузилган шахсларни даволаш учун дори воситаларига сарфланадиган харажатларнинг ягона мажбурий нормативларини белгилаш;

аҳолига психиатрия ёрдами кўрсатиш соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш, психиатрия муассасаларининг врач-психиатрларга бўлган эҳтиёжини қондириш, уларнинг малакасини мунтазам равишда, шу жумладан, хорижнинг етакчи клиникалари ва тиббиёт ташкилотларида ошириб бориш;

Ўзбекистон Республикаси психиатрия хизмати муассасаларининг айрим функцияларини соғлиқни сақлашнинг хусусий секторига ўтказиш, аҳолига психиатрия ёрдами кўрсатиш соҳасида давлат-хусусий шерикчилигини ривожлантириш, кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш учун инвестициялар жалб қилиш;

ўз жонига қасд қилишга уринган шахсларга туну кун шошилинч ёрдам кўрсатилишини таъминлаш, шу жумладан, ўз жонига қасд қилишнинг асл сабаблари ва шарт-шароитларини аниқлаш, ўз вақтида ихтисослаштирилган ёрдам кўрсатиш чораларини кўриш, ўз жонига қасд қилишнинг ҳар бир ҳолати ҳақида психиатрия муассасаларини зудлик билан хабардор қилиш;

психиатрия соҳасида фундаментал, амалий ва инновацион илмий тадқиқотларни фаоллаштириш, уларнинг натижалари ва ютуқларини руҳий ҳолати бузилишининг олдини олиш, ташхис қўйиш ва даволаш самарадорлигини оширишга доир чора-тадбирларни такомиллаштиришга хизмат қиладиган амалий фаолиятига кенг жорий этиш;